Россия ва АҚШ делегациялари Ар-Риёдда музокараларни якунлади, нималарга келишилди? Қозоғистонда мигрантлар учун қоида ўзгарди. Ер ядросининг айланиши тўхташи мумкин

🔹 Россия ва АҚШ делегациялари Ар-Риёдда музокараларни якунлади. Саудия Арабистонида бўлиб ўтган музокаралар чоғида Россия Федерацияси ва АҚШ Украинада ўт очишни тўхтатиш, у ерда сайловлар ўтказиш ва сўнгра якуний тинчлик битимини тузишни назарда тутувчи уч босқичли режани таклиф қилди. Рубио ва Лавров икки давлат ўртасидаги муносабатлардаги “тирнаш хусусияти берувчи омиллар”ни енгиш учун маслаҳатлашув механизмини яратишга келишиб олди.
🔹 CNN: Трамп маъмурияти Ғарбнинг Россияни халқаро миқёсда яккалаб қўйишга қаратилган ҳаракатларини тўхтатди, Украина бўйича Ғарб бирлигини бузди ва Қўшма Штатларнинг Европани ҳимоя қилишга тайёрлигига шубҳа уйғотди. Вашингтоннинг хатти-ҳаракатлари Қўшма Штатларнинг Путинга нисбатан кескин бурилиши ва Американинг анъанавий иттифоқчиларидан узоқлашишини кўрсатади.
🔹 Қозоғистон бир қатор давлат мигрантларининг мамлакатда бўлиш қоидаларини соддалаштирди. Эндиликда Эрон ва Ҳиндистон ёки бошқа Жанубий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун мамлакатда бўлиш вақти узайтирилди.
🔹 Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий техника сотиб олиш учун жуда катта ёрдам пакетини тайёрламоқда. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Баербок унинг кўлами ҳақида фикр билдирди ва бу сумма 700 миллиард евро атрофида бўлиши мумкинлигини айтди.
🔹 Қозоғистоннинг Улитау вилоятидаги "Жомарт" конида қулаш оқибатида етти нафар кончи ҳалок бўлди.
🔹 Исроил армияси ўз қўшинларини Ливан жанубидан деярли тўлиқ олиб чиқиб кетди ва фақатгина бешта стратегик муҳим нуқтада мавжудлигича қолмоқда.
🔹Грузиянинг собиқ президенти Саломе Зурабишвили Мюнхен хавфсизлик конференциясидан қайтгач, Тбилиси аэропортида унга қарата тухум отилди. Аэропорт хавфсизлиги ва полиция ходимлари аралашувга киришмаган. Кеча Грузиянинг собиқ бош вазири ҳам худди шундай ҳолатга дуч келган эди.
🔹 Боливияда автобус жарликка қулаши оқибатида 31 киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳатланган.
🔹 Олимлар Ернинг ички ядроси 15 йилдан кейин айланишни тўхтатиши мумкинлигини айтишди. Ернинг марказида радиуси тахминан 1,3 минг километр бўлган иссиқ ядро жойлашган. У сайёра магнит майдонининг шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Олимлар эслатишича, 1970 йиллар бошидан буён Ернинг ички ядроси ғарбдан шарққа айланган, 2009-2010 йилларда айланиши бутунлай тўхтаган. Энди ядро секин ва ер юзасининг айланишига нисбатан тескари ҳаракат қилмоқда. 2040 йилга келиб эса ички ядро тўхтаб қолиши, сўнг яна сайёра билан тенг йўналишда айлана бошлаши мумкин.
Г.Холдорова тайёрлади.