Аравачаларни кўпайтириш тирбандликка сабаб бўлиши мумкин

Бугун, 14 июнь куни Zarnews.uz сайти ва телеграм каналимизда эълон қилинган “Қувонч ортидаги дилхиралик ёки темирйўл вокзалидаги ноқулайлик ҳақида” номли мақола юзасидан Самарқанд темирйўл вокзали маъмурияти жавоб йўллади.

“Темирйўл транспортидан фойдаланувчи йўловчиларга қулай шарт-шароит яратиш, намунали хизмат кўрсатиш мақсадида республикамизнинг барча вилоят марказларида жойлашган вокзалларда, жумладан, Самарқанд темирйўл вокзалида 30 та юк ташиш аравачаси мавжуд. Бу аравачалар вокзалга кириш жойидаги иккита «кўздан кечириш пункти»да 10 тадан қўйилган. Бу орқали йўловчилар юкларини ўзлари ташишлари мумкин. Яна 10 та аравача йўловчиларга пуллик хизмат кўрсатиш учун ажратилган.

Ҳозирги кунда вокзалга ҳар ярим соатда йўловчи поездлар келиши ва йўловчилар сони бир вақтнинг ўзида 200-250 кишидан ошганлиги сабабли аравачалар етишмай қолган бўлиши мумкин. Аравачалар сонини кўпайтириш эса вокзалга кириш қисми ҳамда перрон йўлакларида тирбандликни келтириб чиқариши сабабли бу ҳолатга бошқа муқобил чоралар изланмоқда”, дейилади жавоб хатида.