Арча безашни ўзбеклар ўйлаб топганми?
Арча безаш одатининг келиб чиқишини насронийлик билан боғлаш тўғри эмас. Эътибор берсангиз, арча Фаластинда ҳам, Мисрда ҳам ўсмайди! Ўрта Ер денгизи атрофида яшаган биринчи насронийлар (христианлар) оқ айиқ ёки кенгуруни кўра олмагани сингари арчани кўришлари мумкин бўлмаган.
Арча ўзбекларнинг қадимги аждодлари бўлган халқлар томонидан уч бурчак шаклидаги доимо Кўкка ишора қилувчи муқаддас оғоч (дарахт) сифатида эъзозланган. Сибирь, Олтой атрофида 3 минг йилдан олдин ҳам қадимги турклар арчага бағишлаб байрамлар ўтказишган, уни уйга “таклиф” қилиб, турли нарса-матолар билан безашган, атрофида чироқлар ёқишган. Ҳанузга қадар ўзбеклар орасида сақланиб қолган урф - зиёратга борилган жойдаги дарахтга рангли ип боғлаш одати шундан қолган.
Туркларнинг “Қор бобо”си ҳам бўлган. Аёз бобо деган оқсоқолнинг қадимги варианти оқ соқоли оёғига тушиб турадиган Тенгри бобо бўлган деган тушунча мавжуд.
Руслар “ёлка” деган арча асли “ел”дир. Аҳамиятлиси, унга ўхшаш садр ёки қарағай (кедр, сосна) бу байрамга алоқасиз деб билинади. Балки бу термин нафақат туркча “эл” балким, осмонга интилган “йўл”ни ҳам англатар.
Қадимги турклар 25 декабрь куни ёз ва қиш мунозарасининг ёз фойдасига ўзгарганини нишонлаб байрам қилишган ва улкан арча атрофида айланишган (элимиз орасида сақланиб қолган “бошингдан айланайин”, “айланай”, “ўргилай” каби тушунчаларнинг илдизлари шу маросим билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас). Арча атрофида айланиб “каравай-каравай” айтилдиган русча маросим қўшиғида асли шу туркийча одатнинг сақланиб қолганлигидан бир нишонадир.
Арча мангу ёшлик, эзгулик ва юксакликка интилувчи кучлар рамзидир. Кўнгилни хижил қилмай, арча безаб болажонларни қувонтиринг, кириб келаётган Янги йилни яхши ниятлар билан кутиб олинг!
Эркин МУСУРМОНОВ.