Арзон ва сифатли гўштлар маҳаллангизга етказилади

Вилоятда аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанд шаҳрида бу борада янги бир қулайлик яратилди.

Хусусан, аҳолига сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида махсус жиҳозланган 10 та кўчма дўкон фаолияти йўлга қўйилди. Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд шаҳар бўлими ташаббуси билан ташкил этилган мазкур дўконларда сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари сотилмоқда.

Аҳамиятлиси, махсус жиҳозланган кўчма дўконлар тасдиқланган дислокация асосида шаҳарнинг ҳар бир маҳалласига кириб боради. Яна бир муҳим томони шундаки, кўчма дўконларда сотилаётган гўшт маҳсулотлари замонавий ихтисослаштирилган кушхоналарда тайёрланиб, санитария-гигиена талабларига риоя қилган ҳолда кўчма дўконларга юкланмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бир кунда ўртача 2,5-3 тонна сифатли гўшт маҳсулотлари аҳолига арзон нархларда етказиб берилади.

 

Бобур ХОЛМУҲАМЕДОВ,

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи.