Арзонлаштирилган ярмарка, спорт мусобақалари, мушоиралар... “Самарқанд шаҳри куни” байрамида қандай тадбирлар ўтказилади?
1996 йил 18 октябрь. Самарқандда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ушбу кунни – Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаш таклиф этилган эди. Ўша куни шаҳарга Амир Темур ордени топширилди. Мана 28 йилдирки, бу сана кенг нишонланиб келинмоқда.
Бу йилҳам ушбу санада шаҳарда бир қатор маданий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган ва байрам тадбирлари ўтказилади.
Жумладан, байрам куни эрта тонгдан Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтади.
Асосий байрам тадбирлар “Алишер Навоий” номидаги марказий истироҳат боғи ва шу ном билан аталувчи кўчада ўтказилади. Байрам муносабати билан мазкур боғдан турли хил кўргазма ва саҳна дастурлари, мушоира ва спорт мусобақалари ўрин олади.
Сана муносабати билан Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкали олдида “Самарқанд-Шарқ гавҳари” мавзуси доирасида мушоира бўлади.
Камол Отатурк кўчасида тайёр ва арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж моллари ярмаркаси ташкил этилади.
Шу билан бирга, 18 октябрь куни «Мўъжиза» амфитеатрида соат 11:00 дан маданий концерт дастурлари бўлиб ўтади.
Қорасув массивидаги “Янги Ўзбекистон” боғида кўплаб эл суйган санъаткорлар иштирокида галаконцерт намойиш этилиб, якунида ажойиб МУШАКБОЗЛИК бўлиб ўтади.
Шунингдек, бугундан бошлаб вилоят мусиқали драма театри ва Шарқ Юлдузи кинотеатрида “Ялангтўш Баҳодир” спектакли ва фильми икки вақт (соат 15:00 ва 18:00 )да бепул намойиш этилади.
Айтиш ўринлики, байрам куни Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва музейларга маҳаллий ташриф буюрувчилар учун кириш бепул бўлади.
Байрам муносабати билан “Табиат саҳовати” арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркасини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу ярмарка 18 октябрь кунидан 20 октябрь кунига қадар «Мармар» деҳқон бозори ва Қорасув массивида иш бошлайди.
Сана муносабати билан шу куни бир қатор маҳалла, корхона ва ташкилотларнинг янги бинолари ва савдо дўконлари фойдаланишга топширилади, дея хабар бермоқда шаҳар ҳокимлиги.