Аттестация атрофидаги “ўйин”лар қанчалик ҳақиқат?
Айни кунларда мактаб ўқитувчилари учун навбатдаги аттестация синов имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда.
Кейинги йилларда аттестация имтиҳонларининг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида тест синовлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан олиб бориляпти. Бошида бундай тартибга баъзи педагоглар қарши бўлганди. Нега иш стажи юқори бўлган ўқитувчилар малака имтиҳони топшириши керак, обрўли ўқитувчилар аттестациядан ўта олмай обрўси тушяпти, деган иддаолар айтилганди.
Аммо имтиҳонда билимли ўқитувчилар юқори балл тўплаб малака тоифасини ошира бошлагач, аттестациянинг адолатли эканига ишонмайдиган ўқитувчилар ҳам имтиҳонга жиддий тайёргарлик кўришга киришди. Хуллас, аттестацияга тайёргарлик кўрадиган ўқитувчилар кўпайди. Бироқ, гуруч кўрмаксиз бўлмагани каби педагоглар орасида қинғир йўллар билан малака тоифасини олишни истовчилар йўқ эмас.
Яқинда шундай ўқитувчилардан бири телефон қилиб қолди.
- Мен аттестациядан 300 доллар бериб ўтдим, пул берганим роса алам қиляпти, - деди у салом-аликдан сўнг.
- Қандай қилиб имтиҳондан ўтдингиз? – дедим унга.
- Имтиҳон жараёнига бордим, кузатдим, кўпчилик тест синовидан “йиқилиб” чиқяпти. Ўзимга ишонмаганим учун бир четда туриб жараённи кузатдим. Асосий талабгорлар имтиҳондан ўтиб, уйларига кетгач, соат 16:00 ларда бир киши олдимга келиб, мақсадимни сўради. Унга тайёрланмаганимни, имтиҳондан ўтолмаслигимни айтдим. У эса “300 доллар берсангиз ўрнингизга кириб чиқаман”, деди. Мен рози бўлдим, у ўрнимга имтиҳонга кириб чиқди. Ҳалиги ўқитувчи кутганимдан ҳам юқори балл олиб чиқди.
Телефон қилаётган ўқитувчи яширин рақамдан чиқаётгани учун аввалига унинг гапига ишонмадим. Яна бир ўқитувчи аттестация имтиҳони учун 300 доллар бергани, унга имтиҳонлар тугагач, қатнаша олмаганлар учун бўладиган қўшимча имтиҳонга келиши айтилганини эшитдим.
Янаям ажабланарлиси, исми сир қолишини истаган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси аттестация имтиҳонида бир ўқитувчи 28 кишининг тест саволларини ечиб берганини айтди.
- Ўша куни ўқитувчи имтиҳонга икки марта кирди, эрталабдан тушгача, тушдан кечгача. Аммо имтиҳонга қандай кирганини билмайман, - деди у.
Демак, айрим ўқитувчилар пул бериб, имтиҳонга бошқаларни киритаётган экан-да? Хўш, унда ташқарида паспортини текшираётган ички ишлар ходимлари нега уларни ичкарига киритиб юборяпти? Имтиҳон жараёнини назорат қилаётган таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари бир киши ўнлаб педагогнинг тест саволларини ечишига қандай йўл қўяяпти? Яна бу жараён онлайн трансляция қилинаётган бўлса?
Яна бир гап. Айрим ўқитувчилар олий тоифа учун 700, биринчи тоифа учун 500, иккинчи тоифа учун 300 доллар пул бераётганмиш. Бу маълумотларни биз айнан ўқитувчилардан оляпмиз, аммо уларнинг ҳеч бири исм-шарифини ошкор қилишни истамади.
Таълим тизимига мана шундай ёндашув сабаб мактабларда бугун таълим сифати жуда паст. Аслида, ҳар бир фуқаро ўзининг фикрини эркин айтиш ҳуқуқига эга. Бизда эса ўқитувчилар ҳақиқатни била туриб айта олмаяптими, қолганлардан нимани кутайлик?
Бу билан аттестация жараёнини бутунлай қоралашдан йироқмиз. Ҳақиқатда ўз билими билан имтиҳондан ўтган ўқитувчиларни яқиндан биламан. Курсдошларимнинг кўпчилиги уч йил ичида олий тоифали бўлишди. Ҳар сафар
Баъзи ўқитувчилар имтиҳон саволларининг жуда қийинлиги сабаб 2-3 балл етмай қолганини ҳам айтишяпти. Озроқ тайёргарлик кўрса, улар кейинги сафар албатта имтиҳонни яхши натижалар билан топширади. Бунинг учун кимгадир пул беришим керак экан, деган фикрга келмаслик керак.
Нима бўлган тақдирда ҳам бугун ушбу муаммони биргаликда ечмасак, таълимга, унинг ортидан келажакка хиёнат қилган бўламиз.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.