Аттестация якуни: Шунчаки мағлубиятми ёки жароҳат?
Бугун ўқитувчининг елкасидаги масъулият оғир. Албатта, кейинги вақтда ўқитувчи меҳнатини қадрлаш, улар учун имкониятлар эшигини кенг очиш, муносиб иш ва яшаш шароити билан таъминлаш мақсадида ғамхўрликлар яратилмоқда.
Бу ғамхўрликлардан мақсад жамиятда ўқитувчи нуфузини оширишгина эмас, бу касб соҳибларининг ўз номига муносиб, соҳанинг чинакам фидойиларига айлантириш, том маънода устозлик шарафини тиклашдир. Шу нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, яратилаётган имкониятлар аслида масъулиятдир.
Таълимда ўқитувчининг билими, маҳорати ва фидокорона меҳнати жуда муҳим. Шу боисдан ҳам соҳа ходимларининг доимий ўз устида ишлаши, нафақат касбий, балки ўз мутахассислиги борасида ҳам билим-маҳоратини ошириб бориши талаб этилади. Ўқитувчи ўз фани бўйича нафақат мамлакат, балки дунё миқёсидаги ҳар бир янгиликдан тўла бохабар бўлиши, уларни ўзлаштириши, бевосита дарс жараёнида қўллай билиши, шу билан бирга алоқадор фанлар, замонавий ўқитиш усул ва услублари, ахборот-коммуникация билимларини ўзлаштириши, хуллас, замон билан ҳамқадам бўлиши зарур. Агар бу талабларни (яшаб турган ҳудудимизни ҳисобга олган ҳолда) қишлоқ ҳаёти ўй-ташвишларига муштарак ҳолда ҳис этадиган бўлсак, бугуннинг ўқитувчиси зиммасидаги вазифаларнинг юки унчалик енгил эмаслиги янада яққол кўзга ташланади.
Мана энди мақоламизнинг асл мақсади – бу йилги аттестация ва унинг якунлари ҳақида фикр юритсак.
2022 йилдан бошлаб педагоглар аттестацияси бир йилда икки марта ўтказилиши йўлга қўйилган. 2022 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган синовлар “Imtihon.tdi.uz” сайти орқали реал вақт режимида эфирга узатиб борилган. Яқинда ижтимоий тармоқларда бир маълумот эътиборимни тортди. “Oyina.uz” сайтида эълон қилинган маълумотда: “Ўзбекистонда аттестацияда қатнашган 20 мингдан ортиқ педагог “мутахассис лавозимига мувофиқ эмас” деб топилди. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси маълум қилди, дея эътироф этилган. Аниқроғи, “Якуний натижаларга кўра, аттестациядан ўтган жами ўқитувчилардан 20 минг 30 нафари (7 фоиз) “Мутахассис лавозимига мувофиқ эмас”лиги тўғрисида қарорлар қабул қилинган. Шунингдек, 61 489 (22,1 фоиз) нафар педагог ўз ихтиёри билан навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиб, паст натижа қайд этган...” Табиийки, бу 22,1 фоиз ўқитувчига нисбатан салбий қарорлар қабул қилинмаган, яъни уларнинг амалдаги тоифаси пасайтирилмаган.
Ушбу маълумотлардаги яна бир жиҳат эътиборга молик. Маълумот якунида эътироф этилишича, 2022 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида ижобий натижа қайд этган педагоглар салмоғи ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда Хоразм, Навоий ва Наманган вилояти ўқитувчилари юқори натижа қайд этган. Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари вакиллари бошқа вилоятларга нисбатан пастроқ натижа кўрсатган.
Мана шу таҳлиллар билан танишиш жараёнида хаёлимдан жуда кўп ва оғир фикрлар кечди. Аввало, таҳлилларда Самарқанд вилоятининг иштироки ҳақида на ижобий ва на салбий фикрлар бор. Бу бутун соҳа ходимлари томонидан бирдек қабул қилинмагани ҳам табиий. Улар, аввало, салбийлар сафида эмасликдан енгил тортишгани аниқ. Аммо ижобийлар сафида ҳам йўқ экани-чи? Бу фикр қанча кишини ўйга толдирди экан?
Очиғи, мен мана шу ўйга толганлар кўпчилик бўлишини истар эдим. Аммо бунга ҳам тўла ишонч ҳосил қилиш қийин, албатта. Нега дейсизми? Чунки, биз ҳамон юзаки ишлаш принципидан тўла воз кечолганимиз йўқ. Бу ҳолат фақат таълим соҳасида деган фикрдан мутлақо йироқман.
Ўқитувчиларимиз орасида ўз дарсига фақат мажбурият юзасидан ёндашадиганлар ҳамон кўпчиликни ташкил этади. Соҳага жон-дилини бахш этадиган фидойилар бармоқ билан санарли даражада. Буни умумий ўрта таълим мактаблари бўйича олиб борилаётган мониторинглардан ҳам яққол ҳис этиш мумкин.
Келинг, бир оддий ҳолатга эътибор қаратайлик. Ҳозирги кунда ҳатто олис қишлоқларда ҳам қайта қурилмаган ёки тўлиқ реконструкция қилинмаган мактаб бинолари деярли қолмади. Бир хил шароит, бир хил имкониятларга эга бўлган мактаблар орасида ўқитиш сифати ва самараси бўйича юқори натижаларни қайд этган таълим муассасалари эса афсуски жуда кам. Бу тафовутни яна бир мактабдаги умумий фанларнинг ўқитилиши, ҳатто, синфлар қиёсида ҳам кузатиш мумкин. Дейлик, битта мактабда қайсидир фанга ўқувчилар катта қизиқиш билан боғланган. Лекин бошқа бир фан бўйича ўзлаштиришлар даражаси жуда паст. Бу эса аввало, педагог кадрларнинг билими, салоҳияти ва касбий маҳоратини акс эттирмайдими?
Албатта, бу борада ота-оналарнинг эътибори, болаларнинг иқтидори ва интилиши ҳам муҳим. Аммо, биз аввало, билимдон, ўз касбини севадиган, маҳоратли педагогларга ҳамон муҳтожмиз. Бу йилги дастлабки аттестация натижаларида эътироф этилган салбий рақамлар эса мағлуб ўқитувчилар таъкидлаганидек, шунчаки мағлубият эмас, аслида кўпдан буён бизни тарк этмаётган жароҳатдир. Жароҳатга ўз вақтида шифо топилмаса, унинг асорати оғир бўлади.
Муқаддам Ҳайитова,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.