Автобус билан боғлиқ ЙТҲда жароҳат олганлар ҳам бўлган

Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 11 февраль куни Жомбой тумани ҳудудида содир бўлган автобус ҳалокати юзасидан қисқа баёнот билан чиқди. Унга кўра, ҳодисада фақат битта қурбон бўлганлиги айтилган, аммо жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
“Миллий” телеканали журналистлари эса воқеа жойидаги шифокорлар билан гаплашиб, расмий маълумотдан фарқ қилувчи тафсилотларни аниқлашди.
Шифокор: “Аслида 22 киши жароҳат олган”
Журналистлар маҳаллий шифохонага етказилган жабрланувчилар ҳақида маълумот олишди. Шифокорнинг сўзларига кўра, ҳодиса оқибатида шифохонага 23 нафар аёл келтирилган. Улардан бири ҳодиса жойида ҳалок бўлгани тасдиқланган, қолган 22 нафари турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
“Бизга олиб келинган 23 аёлдан бири аллақачон вафот этган эди. 16 нафари жарроҳлик бўлимига жойлаштирилди, 2 нафари эса оғир аҳволда реанимацияга ётқизилди” – дейди у. Қайд этилишича, ЙТҲга учраган йўловчилар Тошкент шаҳрига - концертга кетаётган бўлган.
Авария сабаби нима?
Дастлабки текширувларга кўра, ЙТҲ автобус ҳайдовчисининг нотўғри ҳаракатлари сабаб содир бўлган. У йўл шароитини инобатга олмасдан тезликни оширган, сўнг кескин тормозлаган ва оқибатда транспорт ағдарилган.
Расмийлар нега реал маълумотни ошкор қилмади?
Шубҳали вазият юзага келмоқда: маҳаллий ЙҲХБ жароҳатланганлар ҳақида нега сукут сақлади? Бу эътиборсизликми ёки атайин маълумотни яширишми? Расмийлар ҳозирча фақат қуруқ баёнотлар билан кифояланмоқда, бироқ ҳодисанинг гувоҳлари ва шифокорлар айтаётган маълумотлар расмий “версия”дан кескин фарқ қилмоқда.