Автобуслар реклама воситасими?
Бугун Самарқанд шаҳри кўчаларида қатнаётган аксарият автобусларнинг орқа-ён тарафларига кўз ташласангиз, ҳар хил дорилар ҳақида реклама ёпиштирилганини кўриб, бу уловлар йўловчи ташишга мўлжалланганми ёки реклама учунми, дея иккиланиб қоласиз.
Кўпчилик “Бунинг нимаси ёмон?”, дейиши мумкин. Гап шундаки, шаҳар кўчаларида транспорт қатнови йил сайин тиғизлашиб боряпти. Бу ҳаракат иштирокчилари - ҳайдовчидан ҳам, пиёдалардан ҳам ўта ҳушёр бўлишни, хавфсизлик қоидаларига қатьий амал қилишни талаб этади. Автобус кузовидаги рекламалар бошқа ҳайдовчиларни, пиёдаларни чалғитиб, хатарли ҳолатларни юзага келтирмайдими? Бу рекламага бир зум тикилган ҳайдовчи ёки пиёда светофор чироғини англамай қолиши мумкин.
Тўғри, жамоат транспортидан реклама воситаси сифатида фойдаланиш автокорхоналарга қандайдир даромад келтираётгандир. Аммо бу кўча ҳаракати хавфсизлигига хавф солиши мумкинлигини унутмаслик керак.
Гап кўча ҳаракати, ҳайдовчилар ва йўловчилар, пиёдалар ҳаёти хавфсизлиги ҳақида борар экан, бу жараёнга халақит берадиган реклама, панноларни мутасаддилар қаерга жойлаштириш мумкинлигини ўйлаб кўришса, яхши бўларди.
Тоғаймурод Шомуродов.