Автоҳалокат иштирокчилари ярашуви сабаб жиноят иши тугатилди

Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди раиси Ж.Арсланов Сўфиён маҳалласида яшовчи судланувчи Рамзиддин Эргашевга оид жиноят ишини сайёр суд мажлисида мазмунан кўрди.
Аниқланишича, Р.Эргашев 2019 йил 18 октябрь куни соат 12:30 да “Ургут-Тойлоқ” автомобиль йўлида ўзига тегишли “Эпика” русумли автомашинаси билан Ўроқбойжар маҳалласида яшовчи, вояга етмаган А.Тўйчиевни уриб юбориб, ўртача оғирликдаги шикаст етказган.
Сайёр суд мажлисида Р.Эргашев айбига тўлиқ иқрор эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, содир этган қилмишининг оқибатларини англаганлиги, жабрланувчига етказилган зарарларни тўлиқ қоплаганлиги, ҳозирда жабрланувчини қонуний вакили билан бирон-бир тазйиқсиз ярашиб олганлиги ҳақида кўрсатув бериб, жиноят ишини тугатишни сўраган.
Жабрланувчининг қонуний вакили И.Бозоров сайёр суд мажлисида ярашув тўғрисидаги аризасини қувватлаб, Р.Эргашевга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, жиноят ишини тугатишни сўраган.
Суд Р.Эргашевга нисбатан юритилган жиноят ишини ярашилганлиги муносабати билан тугатишни лозим, деб топди.
Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди раиси Ж.Арсланов ва судья А.Ахмадов сайёр суд мажлисидан сўнг ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш, қабул қилинган суд ҳужжатларини тушунтириш бўйича очиқ мулоқот ўтказди. Унда, шунингдек, “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш ва ўғирлик жиноятлари тушунчаси, уларнинг салбий оқибатлари ва мазкур жиноятларни олдини-олиш чоралари” хусусида ҳам сўз юритилди.