Автомобиль ювиш шохобчалари огоҳлантирилди
Самарқанд вилоятидаги аксарият автомобилларни ювиш шохобчаларининг экологик ҳолати талаб даражасида эмас. Бундай шохобчаларда фойдаланилган чиқинди сувлар ариқ, кўча ва каналларга оқизилмоқда. Бу хизмат турида ишлатилган сувни четлари бетон билан қопланган чуқурларга тушириш ва иккинчиси орқали фильтрлаб ўша сувни яна ишлатиш талаб этилади.
Аммо тадбиркорлар бу қоидаларга риоя этмайди. Бунинг учун эса, қатъий чоралар белгиланган. Кўрилаётган чораларга қарамай, бундай шохобчалар сони кун сайин ортмоқда.
Шу боисдан ҳам вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг 2020 йил 23 октябрдаги топшириғига асосан, вилоятнинг барча автомобиль ювиш шохобчаларида тегишли тартиблар асосида тарғибот тадбирларини амалга ошириб, огоҳлантиришлар берилмоқда.
Яқинда Пахтачи тумани инспекцияси давлат инспекторлари томонидан тумандаги автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда автомобилларни ювиш (мойкалар) шохобчаларини хатловдан ўтказиш тадбирлари ўтказилди. Тадбирларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига риоя қилиш борасида тушунтириш-тарғибот ишлари ва огоҳлантириш хатлари берилди.
Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.