Автосалондан олинган шартномани бошқага сотиш жоиз эмас. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу бўйича фатво берди
UzAuto Motors Cobalt, Lacetti, Damas автомобиллари сотувини эълон қилгач, шартномалар бир кунда тамом бўлди. Аммо айрим “тадбиркорлар” ўзи учун олган шартномаларга устама қўйиб, OLX сайти орқали пулламоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси автосалонлардан шартнома олиб, бошқа шахсга маълум бир маблағ эвазига сотиш ҳолати бўйича фатво берди.
Биринчидан, бу ерда бир қарашда шартноманинг ўзи сотилаётганга ўхшаб кўрингани билан, аслида шартнома предмети бўлган машина савдо моли бўлиб, унга қилинадиган тўлов шартнома эгасининг номидан амалга оширилади ва машина ҳам унинг номига чиқади. Яъни, сотувчи ҳали қўлига кирмаган машинани устига фойда қўйиб сотади. Бу иш эса, шаръан жоиз эмасдир.
Таъкидланишича, машинага тўлов қилаётган шахс шартнома эгасининг номидан тўлов қилгани учун машина ҳам шартнома эгасининг номига чиқади. У нотариал идора орқали харидор номига ўтказиб бермагунича мулк ҳам унинг ихтиёрида бўлади ва харидор алданиб қолиш эҳтимоли мавжуд. Бу эса шариатда ман қилинган ғарар — алдов устига қурилган савдо ҳисобланади.