Аёл оиласи ила мўътабар
Шунинг учун бу йил байрам олдидан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси ва бошқа қатор ташкилотлар томонидан кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди, уларнинг аҳволи ўрганилди.
Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари уч мингга яқин оилаларга кириб, уларнинг турмуш тарзини ўрганди, муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Ўрганишлар натижасида 100 га яқин хотин-қизлар ишга жойлаштирилди, шунингдек, молиявий, маиший ва ижтимоий масалаларда 500 та оилага кўмак берилди.
Маҳалла маслаҳатчиси, кайвони онахонлар, отинойилар, ҳожи оналар ҳамкорлигида нотинч ёки носоғлом муҳит шаклланган хонадонлар ўрганилиб, ушбу оилаларда мунтазам тарбиявий-профилактик тадбирлар олиб борилиши натижасида 200 га яқин оилалар яраштирилди.
Шунингдек, сана муносабати билан вилоятдаги таълим муассасаларида, корхона, ташкилот, маҳаллаларда аёлларни улуғлаб, турли маърифий анжуманлар ўтказилди, қизларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш учун давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган вилоят тадбирида турли соҳаларда фаол меҳнат қилаётган хотин-қизлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Вилоят ҳокими Т.Жўраев йиғилганларни, уларнинг тимсолида Самарқанднинг барча хотин-қизларини гўзаллик ва нафосат айёми билан қутлади.
– Мўътабар оналаримиз, қадрли сингилларимиз давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келаётгани, оилада, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун қўллаб-қувватланаётгани замирида келажакка қаратилаётган эътибор мужассам, – деди вилоят ҳокими. – Айниқса, яқинда Президентимизнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилиниши хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш борасидаги ишларнинг янги босқичга кўтарилишидан далолат беради.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш борасида изчил ислоҳотлар давом этмоқда. Вилоятда 2017 йилда 405 хонадонга мўлжалланган 9 та кўп қаватли арзон уй-жойлар, кам таъминланган оилалар ва ногиронлар учун мўлжалланган 142 та, шунингдек, ҳарбийлар оилаларига 72 та кўп квартирали уйлар қурилгани, энг аввало, минглаб хотин-қизлар учун қулай ва муносиб яшаш шароити яратди.
– 24 йилдан бери фермер сифатида фаолият кўрсатаман, – дейди Пахтачи туманидаги "Музаффар" фермер хўжалиги раҳбари Лола Намозова. – Пахта, ғалла бўйича давлат шартномаларини доим бажариб келганмиз. Кейинги йилларда фермерлар фаолиятини яхшилаш учун тобора қулайлик яратилаётганидан фойдаланган ҳолда бу йил хўжалигимиз қошида тикувчилик цехи ташкил қилдик. Саккиз нафар қиз иш билан таъминланди.
Тадбирда бир гуруҳ фаол хотин-қиз вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Пойтахтлик ҳамда вилоятимиз санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ, рақслар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Гулруҳ МЎМИНОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ
(фото).