Аёллар байрами зиёрат билан бошланди

Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик байрами ҳамда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан касаба уюшмалари тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар учун “Муқаддас аёл” номли  маданий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган 800 нафардан ортиқ хотин-қизлар, касаба уюшмалари фахрийлари учун Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларга саёҳат уюштирилди. Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги базмгоҳда бир пиёла чой атрофида хотин-қизлар учун маданий тадбир ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Зебо Саидова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов иштирокчиларни Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик байрами ва хотин-қизлар байрами билан муборакбод этди. Хотин-қизларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, эҳтиёжманд аёлларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги йилларда олиб борилаётган тизимли амалий ишларга қисқача тўхталиб ўтилди.  

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон касаба уюшмалари лауреати соҳиби Фарҳод Саидов ўзининг куй-қўшиқлари билан тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.