Баскетбол, гандбол ва универсал спорт залларини инвестиция дастури асосида қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган

Кеча, 10 апрель куни телеграм канал ва сайтимизда “Самарқанд шаҳридаги спорт мактабларида қандай муаммолар бор?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилган эдик. Ҳолат юзасидан вилоят спорт бошқармаси муносабат билдирди.
“Самарқанд шаҳридаги спорт таълим муассасалари фаолияти ёритилган мақолада Самарқанд шаҳридаги ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослашган спорт мактабига қарашли олимпия ўйингоҳи, баскетбол, гандбол, бадминтон ва универсал спорт залларида реконструкция ишлари олиб борилаётгани келтириб ўтилган.
Ҳозирда ушбу спорт мактабига қарашли бадминтон маркази фойдаланишга топширилган бўлиб, олимпия ўйингоҳида қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Баскетбол, гандбол ва универсал спорт залларини қуриш-таъмирлаш ишларини 2026 йил инвестиция дастурига киритиш ва маблағ ажратиш учун лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.
Тўғри, олимпия ўйингоҳида абитуриентлар учун тест синовлари ўтказилади. Бу вақтда спортчиларнинг вақтинча машғулотларини олиб бориши учун вилоятдаги бошқа спорт объектларида зарур шароитлар яратиб берилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги 1-сон спорт мактабига қарашли очиқ сув ҳавзасидан эса давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланиш учун тадбиркорлар билан буюртмалар шакллантирилмоқда. Айни вақтда вилоятдаги 8 та шундай спорт иншоотини давлат-хусусий шериклик асосида таъмирлаш ва фойдаланиш режалаштирилган.
Вилоятдаги спорт таълим муассасаларида спортчилар учун яратилаётган шароитлар, замонавий спорт иншоотлари барпо этилаётгани шаҳардаги 2-сон спорт мактаби фаолияти мисолида кўриш мумкин. Албатта, бу борадаги ишлар барча спорт таълим муассасаларида босқичма-босқич амалга оширилишини маълум қиламиз”, дейилади муносабатда.