Белгиланган чегарадан қиммат нархда газ сотган “заправка”ларга табиий газ етказиб бериш тўхтатилиши айтилмоқда

Интернет тармоқларида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида нархлар чекланаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Бунга сабаб Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасини муҳокамаси сабаб бўлди. Унга кўра, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи келгуси олти ойда 1 куб/метр учун 3250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича қатъий чоралар кўрилиши режалаштирилмоқда.

- Ҳозирда вилоятимиз бўйича 144 та автомобилларга сиқилган газ қуйишга мўлжалланган шохобчалар фаолият кўрсатиб келмоқда, - дейди Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Сайдиев. – Самарқанд магистраль газ қувурлари бошқармасига 28 та, “Ҳудудгаз Самарқанд” вилоят филиалига 105 та, Зирабулоқ газ қувурлари бошқармасига қарашли тармоққа эса 10 газ тарқатиш шохобчалари уланган бўлиб, айни пайтда уларнинг барчасига онлайн электрон ҳисоблагичлар(АСКУГ) ўрнатилган ва мунтазам кузатиб борилмоқда. Мазкур шохобчаларга бир кунда ўртача бир миллион 70 минг куб/метр табиий газ етказиб берилмоқда. Уларнинг истеъмолчиларга сотилаётган нархи эса 2800-3000 сўмни ташкил этмоқда.

Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд ҳудудий бошқармаси вилоят прокуратураси билан биргаликда барча автомобилларга газ тақсимлаш шохобчалари мутасаддилари билан суҳбатлашиб, нархларни оширмаслик тўғрисида огоҳлантириб чиқилди.         

Уларга шохобчаларга ўрнатилган газ ҳисоблаш ускуналарининг Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ уланганлигини ва онлайн режимда маълумотлар узатилишини қатъий назорат қилиб бориш юклатилди. Тармоққа ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш бўйича назорат тадбирларини янада кучайтириш юклатилди. Онлайн режимда маълумотлар узатмаётган, сотишда чекланган нархнинг асоссиз оширилишига йўл қўйган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига табиий газ етказиб беришни тўхтатиш чоралари кўрилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.