Бешта иссикхонада 2,5 миллиард сўмлик газ ўғирлангани аниқланди

Мажбурий ижро бюроси Марказий аппарати матбуот хизмати маълум қилишича, бюронинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда Самарқанд туманида ўтказган тадбирда газдан «улгуржи» ўғирлаш ҳолатларини фош этди.

Аниқланишича, фуқаро Б.Р.нинг 19 сотих ер майдонидаги иссиқхонасига ҳарбий қисм ҳудудидан ўтган 500 диаметрли юқори босимли қувурдан яширинча газ «тортиб келингани» аниқланди. Унинг ер остидан газ қувурига ўзбошимчалик билан уланиб олгани қўшни «парник»чиларга ҳам қўл келиб, улар ҳам «яратилган имконият»дан унумли фойдаланиб келишган.

Хуллас, беш нафар иссиқхона эгалари етказган зарарлар ҳисоб-китоби, дастлабки маълумотларга кўра, 2,5 миллиард сўмдан ошмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари туман прокуратурасига томонидан олиб борилмоқда.