"Билмай босиб чумолини, гуноҳимга сўроқ бердим"

Маҳмуд Тоир 70 ёшда

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир 1952 йил 31 август куни Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган.

Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетини тамомлаган. Турли йиллар «Янги аср авлоди» нашриёти, Ўзбекистон радиоси, «Паркент тонги» газетасида фаолият юритган.

Дастлабки шеърий тўплами – «Айт энди, юрагим» 1991 йил босмадан чиққан. Шундан кейин шоирнинг «Биз нечун учрашдик?», «Муҳаббат шеваси», «Оқиб кетган армонлар», «Бармоқлар бодаси», «Ҳакни таниб», «Юз тўртлик», «Сайланма», «Отамнинг ўкинчи», «Шеър ҳикмати», «Янги Тошкентнома», «Бедорларга беринг дунёни», «Уйғоқ дил» «Армон туни», «Сўз саодати», «Мен офтобга алишмаган аёллар» каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

«Ўзбекистон халқ шоири» (2005) фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» (2001) ва «Эл-юрт ҳурмати» (2017) орденлари билан мукофотланган.

Ҳозирги кунда Олий Мажлис Сенати аъзоси, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари ҳамда «Адабиёт зиёси» газетаси бош муҳаррири вазифасида меҳнат қилмоқда.

"Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари ҳамда Zarnews.uz сайти жамоаси устоз шоирни таваллуд айёми – қутлуғ 70 ёши билан қутлайди.
***
Момо ер


Шамолларнинг шокиласи дарахтларнинг бўйнидадир,
Тоғлар тошин дил изҳори ирмоқларнинг ўйнидадир,
Ошиқ булбул сир, хандаси ғунчаларнинг қўйнидадир,
Айтар сўзим сувратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Майсаларинг шивирлашди, тизлар чўкдим, қулоқ бердим,
Билмай босиб чумолини, гуноҳимга сўроқ бердим,
Ватан не деб сўрганларга бир кафтгина тупроқ бердим,
Менга Ватан сийратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Турналарнинг туморлари Яратганнинг ўзидадир,
Кимки поклик ахтарибдур, ҳалол топган тузидадир,
Гар гуноҳи, савоби бор бандасининг изидадир,
Покдомонлик журъатини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Қуёш кўкда сен деб яшар, ой бошингда ўргилади,
Кўрдим ҳар тун минг-минг юлдуз этагингга нур элади,
Чимдимгина лойинг билан қалдирғоч бешик белади,
Бу дунёнинг ҳайратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Сенда унган ҳар бир гиёҳ Яратганга сано айтар,
Кўкка етган тераклар ҳам куни битса сенга қайтар,
Муҳаммадга уммат Маҳмуд кафти куйиб дуо айлар,
Ошиқликнинг қудратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.
***
Оққан дарё оқаверади

Сен йўлимни тўсма, эй ғаним,
Янтоқ бўлиб ўсма, эй ғаним,
Сокин дарё бу кўнглим маним,
Ишқим гулхан ёқаверади,
Оққан дарё оқаверади.

Мен қоқилсам ер кўтаргайдир,
Эрка бўлсам эл кўтаргайдир,
Ожиз аввал қўл кўтаргайдир,
Чаён зоти чақаверади,
Оққан дарё оқаверади.

Сен ҳам бир бор юлдуз бўлиб кўр,
Тун бўлмагин, кундуз бўлиб кўр,
Бир майсага илдиз бўлиб кўр,
Кўклам чечак тақаверади,
Оққан дарё оқаверади.

Ҳақ сўз жоним жаранги мени,
Шеърим дилимнинг ранги мени,
Тўкур ҳасаднинг занги сени,
Ҳавас чақмоқ чақаверади,
Оққан дарё оқаверади.

Сен кулмасанг кулмайди дунё,
Мен йиғласам йиғлайди дунё,
Бўйин бизга бўйлайди дунё,
Яхши элга ёқаверади,
Оққан дарё оқаверади.