Бир пиёла чой атрофида бирлашган маданият: Самарқандда “Чой, Маданият, Тинчлик!” III Халқаро фестивали бўлиб ўтди

Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туристик марказида 21 май - Халқаро чой куни муносабати билан ташкил этилган бу йилги фестиваль “Чой — ҳаёт сифатини яхшилаш учун” шиори остида ўтказилди.

Чой истеъмол учун зарур бўлган дунёдаги энг муҳим экинлардан бири ҳисобланади, 5 минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган бу ноёб ўсимлик бугунги кунда ҳам киши саломатлигида ҳамда ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётда муҳим ўрин тутади. Чойнинг ватани – Хитой. 2022 йилда чой ишлаб чиқариш ва чой дамлаш бўйича Хитой анъанавий техникаси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилди. Чой Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбекистонликлар учун оддий ичимлик бўлиб қолмасдан, у мамлакатимиз тарихи ва маданиятида ҳам муҳим ўрин тутади.

- Фестивальнинг асосий мақсади – чой ичиш анъаналари орқали турли халқларни маданий мулоқот майдонида бирлаштиришдир, - дейди тадбир ташкилотчиларидан бири, профессор Юсуф Абдуллаев. - Шунингдек, ёшларда тарихий меросга нисбатан қизиқиш уйғотиш ва чойни замонавий турмуш маданияти билан уйғунлаштириб, маҳаллий аҳолини турли мамлакатлар чой маданияти билан таништириш, чой маросимлари билан ошно қилишдан иборат. Зеро, чой — бу тинчлик, бирлик ва илҳом манбаи. Ҳар бир халқ учун у фақат ичимлик эмас, балки маданий ёдгорлик, фалсафий тимсол ва руҳий алоқа воситасидир.

Фестивалда Самарқанд халқаро технология университетида фаолият юритаётган хорижлик профессорлар ўз юртларидаги чой маросимлари, севимли чой навлари ва ҳар бир пиёлага сингдирилган маънавий-руҳий маънолар билан меҳмонларни таништирди. Талабалар эса “Чой сирларини кашф этинг” номли интерактив викторина, шунингдек, турли халқларнинг оҳанглари, рақслари ва саҳна кўринишларини намойиш этди. Натижада фидокор талабалар жамоаси Хитой томонидан тақдим этилган фахрий диплом билан тақдирланди.