Бир йигитга қирқ ҳунар оз
Бир куни кўп қаватли уйларда яшайдиган танишим дардини айтиб қолди.
- Тунов куни ярим кечаси уйқум қочди, - дейди у. – Чанқаган эканман, ошхонага ўтдим. Жўмракни бураб, бир пиёла сув олдим. Сувни ёпиш учун жўмракни ортга бурадим, аммо у ҳеч қотмади, айланиб кетаверди. Сув тўхтамади. Ваннахонадаги марказий жўмракдан тўхтатаман деб борсам, у ҳам ишдан чиққан экан. Тунда сантехник чақиришнинг ҳам иложини тополмадим. Сув эрталабгача оқиб турди. Хавотирланиб, ўша тунни бедор ўтказдим.
Бундай ҳолатлар кўпгина хонадонларда учраб туриши бор гап.
- Бундан бир неча йиллар илгари, сувга ҳисоблагич ўрнатилмаган пайтларда ваннахонадаги жўмракдан сув томчилаб турарди, - дейди қўшниларимнинг бири. – Сув оқиши кундан-кунга кўпайиб борарди. Тўғрисини айтсам, бир неча ойлаб шу ҳолатда турди. Тузатиш қўлимдан келмайди. Сантехник чақиришга вақт бўлмасди, вақт бўлганда қунт бўлмасди, ҳар иккиси ҳам бўлганда, пул бўлмасди. Хуллас баҳона кўп эди. Бир куни яқин дўстим меҳмонга келиб қолди. У олий маълумотли педагог, бир мактабда раҳбар. Ваннадаги исроф бўлаётган сувни кўриб, чидаб туролмади шекилли, бирга чиқиб, хўжалик моллари дўконидан янги жўмрак сотиб олиб келишимизни айтди. 10 минг сўм турар экан. Ўрнатишга эса 5 дақиқа кетди. Дўстимнинг бу ишидан миннатдор бўлдим. Ҳам уйимдаги бир муаммони ҳал этди, ҳам менга бузилган жўмракни алмаштиришни ўргатди.
Кўпқаватли уйда яшайдиганлар сув жўмракларини алмаштириш, дазмол, электр печи ёки бошқа бир маиший техниканинг узилган симини улаб қўйиш каби оддий ишларни ўрганиб қўйса, фойдадан холи бўлмайди. Ҳовлида яшовчилар эса янаям кўпроқ ҳунарли бўлиши талаб этилади.
- Ёшлигимда ўрганган ҳунарларим орқасидан рўзғор тебратаман, - дейди дўстим Акмал Холбоев. – Мақтаниш эмас, қишлоқда яшасам ҳам уйимда шаҳар шароитини яратиб қўйганман. Иморат қурилишида дурадгорликдан ташқари барча ишда ўзим бош уста бўлганман. Электромонтёр, сантехника ишларини ҳам ўзим бажарганман.
Акмалнинг ҳовлисига борсангиз, унинг қўлигул ҳунармандлиги ҳар қадамда сезилиб туради. Айниқса, томорқасини томоша қилиб, завқланасиз. Жўяклар худди чизғич ёрдамида олингандек.
- Томорқада меҳнат қилиш учун ҳам қобилият керак, - дейди у кулиб. - Мусаввирлик қобилияти. Айтадиларку, ҳар қандай кишида 1 фоиз истеъдод бўлади, қолган 99 фоизига меҳнат, ҳаракат орқали эришилади. Отамдан, акаларимдан ўрганганларимни бугунги кунда фарзандларимга, укаларимга ўргатиб келяпман.
Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам рўзғорда учраб турадиган бу каби юмушларни бажаришни ўрганиб қўйишим ва фарзандларимга ҳам ўргатишим кераклигини англадим.
Тўлқин СИДДИҚОВ.