Биринчи апрель ҳазил куними ёки ёлғонга қарши курашиш куни?

Саволга жавоб топишдан аввал ҳозирги кунда 1 апрелнинг қандай кун деб аталиши тўғрисида интернет саҳифаларида берилган баъзи маълумотлардан иқтибос келтирмоқчимиз.

«Ҳозир Оврўпада нишонланаётган биринчи апрель куни одамларнинг бир-бирини алдашидан бошланган».

«1 апрель – алдаш ва лақиллатиш куни муносабати билан танлов эълон қиламан».

«1 апрель куни дунёнинг бир қатор мамлакатларида Кулги куни, Ҳазил куни, Алдаш куни нишонланади. Шу куни яқин дўстлар бир-бири билан ҳазиллашадилар».

«1 апрель куни бир марта бўлса ҳам жилмайиб қўймайдиган одам топилмаса керак. Биринчи апрель бир-бирига ҳадди сиғадиган, қалби пок инсонларнинг байрами».

«1 апрель – аҳмоқлар куни».

"1 апрелда «оммавий қирғин, бир дин вакилларини қатлиом қилиш куни». Оврўпадаги баъзи императорларнинг кўр-кўрона қилган ишлари ва тадбирларини яшириш мақсадида 1 апрелга асос солинган ва бу милодий XVI асрдан бошланган.

Мазкур иқтибослардан кўриниб турибдики, бу куннинг қандайдир ном билан аталиши ёки байрам қилинишида ҳеч қандай хайр йўқ. Чунки бу кунда шариатимизда ман этилган бир қанча маънавий ва моддий жиноятлар содир этилади, аммо бу иллатлар ҳазил, кулги ниқоби остида амалга оширилади. Шунинг учун ҳам буни содир этаётганлар ҳам, бундан жабр кўраётганлар ҳам гўёки бир-биридан хафа бўлмайди. Лекин инсон гуноҳкор бўлиши учун бировни хафа қилиши шарт эмас, балки шариат гуноҳ деб баҳолаган ишни қилишнинг ўзи кифоя. Келинг, мазкур кунда қандай гуноҳлар содир этилишини ўрганиб чиқайлик.

Аввало, бу «байрам»нинг номиданоқ кўриниб турибдики, 1 апрель – алдаш куни. Алдаш – ёлғончилик, каззоблик, фирибгарлик деган маъноларни ўз ичига олади. Ёлғон эса шариатимизда қатъий ҳаром қилинган. Унинг ҳаром экани оятларда, ҳадиси шарифларда ўз ифодасини топган.

«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар – ёлғончилардир» (Наҳл сураси, 105-оят).

Аллоҳнинг оятларига иймон келтирадиганлар мўмин-мусулмонлардир. Улар ҳеч қачон ёлғон гапирмайдилар. Ёлғон тўқиш эса Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларнинг энг ёрқин аломатларидан биридир.

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Мўмин одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедилар. «Мўмин одам бахил бўлиши мумкинми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедилар. «Мўмин одам ёлғончи бўлиши мумкинми?» деб сўрашган эди «Йўқ!» дедилар». (Имом Молик ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шариф юқоридаги ояти кариманинг маъноларини янада таъкидлаб, қувватлаб келяпти. Мазкур маъно янада тушунарли бўлиши учун бу ҳадис савол-жавоб тариқасида ворид бўлган. Демак, мўминда ҳам баъзи иллатлар бўлиши мумкин экан, лекин иллатларнинг энг ёмони бўлмиш ёлғончилик ҳеч қачон мўминда бўлмаслиги керак. Акс ҳолда унинг иймонига путур етади.

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар».

Янада тушунарлироқ бўлиши учун 1 апрель кунида бўладиган баъзи бир ҳазиллардан мисол келтирамиз.

Бир неча улфатлар чойхонага тўпланиб, дастурхон атрофида маишат қилибди. Зиёфат охирига етиб, ҳамма уй-уйига кетиш учун чойхонадан чиқиб, уловининг олдига келибди. Улардан бири не кўз билан кўрсинки, улови қўйган жойида йўқ экан. Унинг хурсандчилигидан асар ҳам қолмабди. Ранги оқариб, тили калимага келмай қолибди. Нима қилишини билмай турса, улфатлари унга ҳамдарддек атрофида тизилиб тураверишибди. Ҳамма ҳайрон. Жабрдийда одамнинг асаби бузилиб, мазаси қочибди. Вазият борган сари чигаллаша бошлабди. Бирор жиддий фожиа рўй беришидан қўрққан улфатлар дўстини хотиржамликка чақириб, уловини нариги маҳалладаги бир кўчага яшириб қўйганини айтиб, «Бу 1 апрель ҳазили эди» деб, унинг устидан мириқиб кулишибди.

Бошқа бири эса уловига миниб, ўт олдиргач, рулни ушласа, не кўз билан кўрсинки, рулга каттагина олачипор илон ўраб қўйилган экан. Бечора қўрққанидан юраги ёрилиб ўлишига бир баҳя қолибди. Улфатлар эса уни ҳам масхара қилиб, роса кулишибди.

Бошқа бир улфатлар янада бошқачароқ ҳазил ўйлаб топишибди. Улфатлардан бирининг аёлига телефон қилиб, унинг эри жазмани билан фалон жойда кайф-сафо қилаётгани тўғрисида ёлғондан хабар беради. Рашк ўтида куйган аёлнинг кўзига ҳеч нарса кўринмай, айтилган манзилга бир аҳволда етиб келибди. У ердаги манзара қандай бўлганини тасаввур қилаверинг.

Улфатларнинг ичида уч-тўртта дўкони бор тижоратчи ҳам бор экан. У оиласи билан кечки овқатни еб, хотиржам ўтирган пайтда тўсатдан телефони жиринглаб қолади. Улфатларидан бири ташвишли оҳангда унга ўта совуқ хабар етказади: «Дўконингни текширув босди! Мол-мулкингни мусодара қилишяпти! Сен нима қилиб ўтирибсан, тезлик билан етиб келиб, ишни жойида «ёпди-ёпди» қилмасанг, ишинг газак олар экан!». У бечора эса оғзидаги таомини ютиш-ютмасликни ҳам билмай, оёқ кийимини ҳам кияр-киймас, машинага ўтириб дўкони томонга елдек учиб кетади. Бундай ҳолатларда йўлнинг ўзидаёқ бирор фожиа бўлмайди деб ким кафолат бера олади? Ёки улфатлар ичида шунга ўхшаш ҳазиллар бўлмайди деб ким айта олади?

Энди ўзингиз айтинг, шунча иллатларни ўзида мужассам этган «байрам»ни яхши кайфият билан нишонлаш мумкинми?

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, устига асал суртилган заҳарга ўхшаш бу «байрам»да тилга тегишли бўлган барча жиноятлар содир этилади ва бу оддий ҳол деб қабул қилинади. Юқорида уларнинг ҳаммасини бирма-бир келтирмадик, ақл эгаларига эслатма ва огоҳлантириш бўлсин, дея бир неча мисоллар келтирдик, холос.

1 апрелни алдов ва ҳазил куни деб нишонлагандан кўра «Ёлғонга қарши кураш куни» деб эълон қилсак маъқул бўларди.

 Исҳоқжон домла Муҳаммаджон ўғли.