Биринчи чоракда 290 мингга яқин давлат хизмати кўрсатилди
Жорий йилнинг ортда қолган 3 ойи давомида Давлат хизматлари марказлари томонидан жами 288 934 та давлат хизматлари кўрсатилди.
Хабарингиз бор, авваллари тадбиркорлик қилишни истаган инсон нечталаб эшикларни тақиллатиши керак бўларди. Ишни йўлга қўйиш, рухсат олиш бир нечта ҳафта ёки ойлаб вақт талаб қилган пайтлар ҳам бўлган.
Ҳозирда бир дарча тамойили асосида шахсини тасдиқловчи биргина ҳужжат билан Давлат хизматлари марказлари орқали 5 дақиқа ичида тадбиркорлик фаолиятини расмийлаштириш имкони мавжуд. Ўз навбатида тадбиркорлик қилишни истовчилар сони ортиб бормоқда.
Масалан, ўтган 3 ойда жами 28 982 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даври билан солиштирганда 21 410 тага ортганини кўриш мумкин. Шунингдек, ушбу даврда 50 дан ортиқ хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ҳам давлат рўйхатидан ўтказилди.
Хизматлар соҳасига тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 3 ойидаги энг оммабоп давлат хизматлари сифатида “Жисмоний ва юридик шахслар учун электрон рақамли имзо олиш”, “Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш”, “Кадастр паспортини шакллантириш”, “Судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотномаларни олиш учун ариза юбориш”, “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Совуқ сувни ҳисобга олиш ускунасини ечиш ва ўрнатишга ариза бериш” ҳамда “Ипотека кредитига Давлат субсидиясини олишга ариза бериш” сингари хизматлар ташкил қилган.
Давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш, олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли қатламига қулайлик яратиш мақсадида 8 та Давлат хизматлари марказлари филиаллари ташкил.
Филиаллар томонидан биринчи чоракда 3 092 та давлат хизматлари айнан чекка ҳудудларнинг ўзида кўрсатилган. 500 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ҳам туман марказларига бормасдан айнан филиаллар ёрдамида давлат рўйхатидан ўтган.
Бундан ташқари, олис ва чекка ҳудудлар, аҳоли гавжум бўлган жойларда 25 941 та давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилиб, 491 та тадбиркорлик субъектлари сайёр тартибда расмийлаштирилди. 2022 йилнинг дастлабки 3 ойида сайёр тартибда кўрсатилган давлат хизматлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 14 324 тага кўпайган. Сайёр тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган тадбиркорлик субъектлари ҳам мос равишда 283 тага ортган.
Таҳлилларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 3 ойи давомида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ваколатли органлар томонидан 3 250 та қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Шундан, 2 421 та ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган, 821 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 8 та ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган. 2021 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 3 589 тани ташкил қилган эди.
Мазкур йўналишда “Ҳудудгаз Самарқанд”, Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари, Давлат солиқ идоралари, Соғлиқни сақлаш муассасалари, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ сингари бир қатор ташкилотлар афсуски, “етакчи”лигича қолмоқда.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ваколатли идоралар раҳбарлари номига 6 та тақдимнома ва 718 та огоҳномалар киритилиб, 54 нафар айбдор шахслар маъмурий ва 6 нафари интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланди.
Мақсуд ҚУРБОНОВ,
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи.