Бизда 2024, яҳудийларда 5783, Кореяда 112, Хитойда 4721 йил. Дунёда яна қанақа йил ҳисоблари бор?

Тасаввур қилинг-а, сиз келажакдаги одамни учратдингиз, мабодо у: "Ҳозир қайси йил?" деб сўраса, дарҳол жавоб беришга шошилманг. Аввал, аниқланг: уни қайси мамлакат вақти қизиқтиради? Ҳозир бизда 2024 йил бўлса, хитойликлар шу йилнинг январида 4721 йилни нишонлашди. Дунёда яна бошқа тақвимлар ҳам бор.

Япония

Японияда Григориан тақвим билан бир қаторда янги император тахтга ўтирган пайтдан бошланган йил ҳисобидан фойдаланилади. Император Нарухито 2019 йил 1 майда тахт бошига келди, демак бугунги кунда Японияда бор-йўғи тўртинчи йил.

 Тайвань

Тайванда ҳам Григориан календари юритилади. Бироқ, расмий ҳужжатларни тайёрлашда 1912 йилда республика ташкил этилган кундан бошланган маҳаллий ҳисоб-китоблардан фойдаланилади. Унга кўра, бугун у ерда 112 йил.

Шимолий Корея

КХДРда ҳам ҳозир 112 йил. Шимолий Кореянинг "чучхе тақвими" га кўра, бу санани Ким Чен Ин ўз халқига 2024 йил ўрнига олиб келди. Ҳақиқатда мамлакатда йил ҳисоби 1912 йилдан бошланган. Пхеньян янги тақвимни фақат 1997 йилда қабул қилди. 1912 йилдан бошлаб ҳисоблаш ғояси эса ҳукмдор Ким Ир Сеннинг туғилган куни билан боғлиқ.

 

Афғонистон ва Эрон

Ҳозир бу икки давлатда 1401 йил. Эрон ва Афғонистондаги йиллар ҳисоби Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг Маккадан Мадинага "кўчиб келган" кунидан бошланади. Амалда эса яратувчиларидан бири файласуф ва шоир Умар Хайём бўлган астрономик ва қуёш календаридан фойдаланилади.

Ҳиндистон

Бу кўп миллатли ва кўп маданиятли мамлакатда ҳозир 1943 йил. Бу ердаги тақвим энг қадимги хронологияга асосланиб – эрамизнинг тахминан 78 йилида содир бўлган Арий шоҳи вафот этган даврда бошланган "Шаливаҳана даври" ёки "Шаливаҳана-Шака" номи билан танилган тизимга асосланган.

Эфиопия

Бутун Африкадаги бу ягона православ мамлакатда ҳозир 2016 йил. Эфиопия Искандария тақвимидан фойдаланади. Йилда 13 (30 кундан иборат 12 ва беш-олти кун давом этадиган бир) ой бор. Суткалар эрта тонгда бошланади. Энкутаташ номи билан ҳам танилган Янги йил байрами бу ерда 11 сентябрда, агар кабиса йили бўлса, 12 сентябрда нишонланади. Эфиопия тақвими бизнинг календаримиздан етти-саккиз йил орқада юради.

Хитой

Ой тақвимидан фойдаланадиган Хитойда ҳозир 4721 йил. Хитойда йиллар император Цин Ши Ҳуанг-Ди ҳокимиятга келганидан бошлаб ҳисобланади. Табиийки, бу ерда вақтни ҳисоблаш милоддан аввалги икки минг йилларда бошланган.

 

Исроил

Исроилда расмий равишда иккита календарь ишлайди. Иброний тақвими бўйича у ерда ҳозир 5782, Григориан календарь бўйича 2024 йил. Мамлакатда собиқ СССР ва Европа давлатларидан кўплаб муҳожирлар бор, шунинг учун бу қарор тўлиқ оқланади. Одатда яҳудий календарига кўра, барча байрамлар - ҳам давлат байрамлари, ҳам туғилган кунлар нишонланади.

Исроилда кунлар ойга қараб ҳисобланади, яъни ҳар янги чиққан ой кунида янги ой бошланади. Бир соат эса 1080 қисмдан иборат.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.