Бизда кадастр соҳаси қачон замонавийлашади?

Бу саволга жавоб топиш учун Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Қурилиш ва Инновацион ривожланиш вазирликлари билан ҳамкорликда халқаро илмий-амалий онлайн конференция ташкил этди ва унга Россия, Туркия, Озарбайжон, Мўғулистон, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда юртимиздаги олий таълим муассасалари, олимлар, “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий лойиҳалаш институти ҳамда Кадастр агентлиги вакилларини таклиф этди.

Конференцияда кадастр соҳаси бўйича кадрлар тайёрлашнинг муаммо, ечим ва истиқболлари, қишлоқ хўжалигида ерларни кадастр баҳолашнинг замонавий услублари, давлат шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизими геопортали имкониятлари ҳақида гапирилди. Ушбу йўналишларда Озарбайжон, Россия, Туркия, Мўғулистон тажрибаси тўғрисида ушбу давлатлар олим ва мутахассисларининг фикрлари эшитилди.

– Юртимизда кадастр соҳаси ҳам бугун тубдан ислоҳ қилиниб, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳалар бўйича ер ва ер билан боғлиқ муносабатлар халқаро тажриба асосида тартибга солинмоқда, – дейди СамДАҚИ ўқитувчиси Л.Ибрагимов. – Бу борадаги бошқарув тизими ҳам такомиллашиб, кадастрлар палатаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида давлат кадастр агентлиги ташкил этилди. Бошқаруви ўзгариши билан бирга энди фаолиятни ҳам замон талаблари даражасида йўлга қўйиш зарур. Бунда илм-фан ва инновациялардан амалиётда самарали фойдаланиш зарурати юзага келмоқда. Конференцияда айнан шу каби масалаларда амалиётчилар билан фикрлашилди.

Анжуман давомида иштирокчиларига институтда мазкур соҳа бўйича кадрлар тайёрлаш, агентлик билан ҳамкорлик ҳақида батафсил маълумот берилди.

СамДАҚИ ахборот хизмати.