Бизнес-омбудсман – тадбиркорларнинг ишончли ҳимоячиси
Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоятимизда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони (Бизнес-омбудсман) фаолият бошлагани ҳақида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида брифинг ўтказилди.
Тадбирда ушбу вакил девони бош инспектори Ж.Турсунов ва етакчи инспектор Ш.Шодиев Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг вазифалари ҳақида ахборот берди.
Таъкидландики, Президентимизнинг 2019 йил 15 мартдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг янгиланган тузилмаси ва штатлар жадвали тасдиқланиб, шу асосда ҳудудларда ҳам вакил девонининг инспекторлари фаолияти йўлга қўйилди.
Жумладан, вилоятимизда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони инспектори Самарқанд шаҳар халқ қабулхонаси (Самарқанд шаҳри, А.Жомий кўчаси, 59-уй)да фаолият бошлади.
- Асосий фаолиятимиз тадбиркорларни ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, - дейди Ж.Турсунов. – Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилишдан иборат. Биз қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган зиддият ва ноаниқликларни тадбиркорлар фойдасига ҳал этиш борасида хизмат кўрсатамиз. Бу масалада муаммога дуч келган тадбиркорларга кўмак бериш учун эшигимиз доим очиқ.