Бизнес-омбудсманга янги ваколат берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Бизнес-омбудсманга давлат даромадига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари юзасидан тадбиркорлик субъектларининг қарзлари бўйича ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисида мурожаат этиш ҳуқуқи ҳам берилди.

Шу пайтгача Бизнес-омбудсман девонига тадбиркорлар томонидан давлат даромадига ундириладиган қарздорликни тўлаш муддатини кечиктириш юзасидан кўплаб мурожаатлар бўлар эди. Бироқ бундай ваколатимиз бўлмаганлиги сабабли, тадбиркорларни қийин вазиятдан олиб чиқишда амалий ёрдам беролмасдик. Шу сабабли ҳозирда Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан вилоят миқёсида давлат даромадига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари юзасидан ёрдамга муҳтож ва оғир аҳволга тушиб қолган тадбиркорларни аниқлаш бўйича хатлов ишлари амалга оширилмоқда.

Хатлов натижасида ёрдамга муҳтож ва оғир аҳволга тушиб қолган тадбиркорларга нисбатан чиқарилган ижро ҳужжатларини бўлиб-бўлиб тўлаш ёки ижрони кечиктириш бўйича судларга илтимосномалар киритилиши таъминланади.

Бу имконият туфайли тадбиркор ўз фаолиятини узлуксиз давом эттириши ва давлат олдидаги қарзларини тўлаб бориши ҳамда мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиши мумкин.

Шодибек ҲАМРОЕВ,

Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи етакчи инспектори.