БМТ Мьянмадаги зўравонликни қоралади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари (УВКПЧ) идораси расмий вакили Равина Шамдасани Мьянмадаги ҳарбий тўнтаришга қарши намойишларда 149 киши ҳалок бўлганлигини айтди, деб ёзади РИА Новости.

"Биз Мьянмадаги намойишчиларга нисбатан ноқонуний равишда куч қўлланганлиги сабабли 1 февралдан бери камида 149 кишини ҳаётдан маҳрум қилинганлигини тасдиқлаймиз", деди Равина Шамдасани.

УВКПЧ вакили аниқлик киритишича, ўтган дам олиш кунларининг ўзидаёқ полиция билан тўқнашув пайтида 57 киши ҳалок бўлган. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкин, аммо бу борада одамлар ўлими ҳақида олинган маълумотлар қўшимча тасдиқни талаб қилади.

Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари фикрига кўра, мамлакатда ҳарбий тўнтариш содир бўлган пайтдан бошлаб 2084 киши ноқонуний ҳибсга олинган.

Мьянма шаҳарларидаги тўқнашувлар давлат маслаҳатчиси ва ташқи ишлар вазири лавозимида бўлган, кейинчалик четлаштирилган Аун Сан Су Чининг суд жараёни эълон қилиниши арафасида содир бўлди. Суд мажлиси 15 март куни бошланиши ва онлайн тарзда ўтказилиши керак эди, аммо алоқа воситаси муаммолари туфайли уни кейинга қолдиришга қарор қилинди.

Хўш, аслида вазият қачон ва қандай келиб чиққан эди?

2020 йилнинг кузида Мьянмадаги парламент сайловларида «Демократия учун миллий лига» (НДЛ) 476 ўриндан 396 тасини қўлга киритди. Бу партияга кейинги беш йил давомида ҳукуматни қайта тузишга имкон берди. Ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланган «Бирдамлик ва тараққиёт партияси» атиги 33 мандат олди. Армия расмийлари фирибгарликдан шикоят қилишди ва натижаларни Олий судга берди, аммо сайлов комиссияси фирибгарликни исботловчи далил топмади.

Шундан кейин, 2021 йил 1 февраль куни ҳарбийлар мамлакатда бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди ва давлат раҳбарлари - президент Вин Мьин ва ҳукмрон НДЛ раҳбари Аун Сан Су Чжини ҳибсга олишди.

Шунингдек, ҳибсга олинганлар орасида партияларнинг минтақалардаги бошқа юқори мартабали вакиллари ва бир нечта маҳаллий амалдорлар бор эди. Шундан сўнг, мамлакат бўйлаб митинглар тўлқини бошланди, уларнинг тарқатилиши пайтида ҳалок бўлганлар ҳақида хабар тарқалди.

Март ойи бошида эса Sputnik радиоси Европа Иттифоқи Мьянма армияси билан боғлиқ компанияларга қарши санкциялар тайёрлаётгани ҳақида маълум қилди.

Г.Холдорова тайёрлади.