Бобурхонлик кечасини хорижлик меҳмонлар ҳам кузатди

Регистондаги Мирзо Улуғбек мадрасасида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши, Регистон ансамбли мустақил дирекцияси ҳамда шаҳардаги 2- ва 77-умумтаълим мактаблари ҳамкорлигида моҳир саркарда, буюк шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Унда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, ғазал ва рубоийлари ҳамда “Бобурнома” асари, унинг шоҳ сифатида амалга оширган улкан бундкорлик ишлари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Кечада мактаб ўқувчилари Бобур қаламига мансуб ғазал ва рубоийлардан намуналар ўқишди, унинг сиймоси жонлантирилган саҳна кўринишлари намойиш этишди.
Тадбирни Регистон ансамблига ташриф буюрган маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳам катта қизиқиш билан кузатди. Улар авлодлар томонидан аждодларга кўрсатилаётган бундай ҳурмат-эҳтиромни юксак баҳолади.
ЎзМТДП Самарқанд шаҳар кенгаши ахборот хизмати.