Боғоналида қачон ичимлик суви бўлади?
"Ташналик қийнаяпти. Сув бор-ку, лекин истеъмолга яроқсиз. Болалар буни тушунмайди. Дамланган чойни ҳам ҳадик билан ичамиз, шундай бўлгандан кейин бошқа нарса татийдими?".
Паст Дарғом тумани Боғонали ва Юқори Боғонали маҳаллалари аҳолиси ана шундай муаммодан азият чекмоқда.
Маҳалла фуқароларининг таҳририятимизга йўллаган шикоят хатида икки маҳалладаги қарийб 7 минг аҳоли ичимлик суви йўқлигидан қийналаётгани, бу ерда бундан 50 йил муқаддам қурилган биргина сув иншоотидан ҳам фойдаланиб бўлмаётгани айтилади. Аҳоли эса ўзлари қазиган қудуқлардан сув олмоқда. Кейинги йилларда ер ости сувларининг кўтарилиши натижасида қудуқлардаги сув истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб, маҳаллада юқумли касалликлар кўпайиб бормоқда.
Шикоят хатида келтирилган масалаларни ўрганиш учун Боғоналига борганимизда муаммонинг қанчалик ҳақиқат эканлигига гувоҳ бўлдик. Манзилга борар эканмиз, йўл бўйида ҳар бир уйнинг остонасида жўмраклар ўрнатилгани, айримларида сув чиқиб турганини ҳам кўрдик. Ажабланганимизни сезиб, "Бу ер қўшни Равот маҳалласи ҳудуди, мана бу ариқнинг нариги томонидан бизнинг маҳалламиз бошланади", дейди Боғонали маҳалласи раиси Ориф Худоёров.
Икки қишлоқ чегарасида жойлашган Равот қишлоғи қабристони қўшни маҳалла билан туташиб кетган. Боғоналига келадиган сув ариғи шу қабристон ёнидан ўтган. Ариқдаги сув эса ерга сингиб, одамлар қазиган қудуқларгача сизиб тушади. Одамлар ноилож шу сувдан истеъмол қилади.
– Оиламизда 10 киши бор, – дейди шу маҳаллада яшовчи Аслиддин Эшонқулов. – 1,5-2 метрдан сув чиқади, ерни бир амаллаб уч метргача ковлаб, шу сувдан истеъмол қиламиз. Ҳожатхона ҳам шунча сатҳда жойлашган.
Оиласида 6 киши истиқомат қиладиган Азамат Абдуллаевнинг хонадонида бўлганимизда ҳовлидан ҳам зах иси сезилиб турарди. Қудуқдаги сув эса ҳидлана бошлаган. Қудуқдаги сув истеъмолга яроқсиз бўлиб қолгач, сувни бошқа жойдан келтиришаркан.
– Ногирон набирам бор, ишга борганимда фақат у учун икки-уч литр сув олиб келаман, – дейди А.Абдуллаев. – Ўзимиз учун қўшни маҳалла ва бошқа жойлардан тоза сув ташиб келамиз. Беш йилдан буён қудуқдан сув ичолмаймиз. Чунки ер ости сувлари, ҳожатхонанинг заҳри ҳам қудуққа уради. Агар қудуқ сувини банкага солиб қўйсангиз, икки кунда ранги ўзгариб кетади. Аммо чорвага шу сувдан берамиз. Сувнинг ҳидланганини қорамол сутидан ҳам сезиш мумкин. Аммо мажбурмиз. Ҳовлининг уч жойидан труба қоқиб, пишма кран қуриб кўрдик, барибир фойдаси бўлмади.
Кундалик истеъмол учун тоза сув олиб келиш маҳалла одамлари учун асосий муаммога айланган. Кимдир таниш-билишиникига боради, техникаси борлар узоқдан бўлса-да, сув олиб келади, имкони йўқлар мажбурликдан қудуқдаги сувни қайнатиб ичишади.
– Бу муаммо билан курашаётганимизга кўп йиллар бўлди, – дейди 70 ёшли Эшпўлат Ибодуллаев. – Бир неча мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик, аммо улар қоғозбозликдан нарига ўтишмайди, гўёки қоғоз тўлдириш билан инсон ҳаётини енгиллатиб қўйиш мумкиндек. Келишади, кўришади, далолатнома тузиб кетишади, бўлди, шу билан масала яна очиқ қолиб кетади. Биз-ку майли, яхшими, ёмонми, ёшимизни яшадик, аммо ёш болаларнинг ҳозирдан ўпкаси хириллайди. Ёшлигимизда қишлоғимизда мингга яқин аҳоли яшарди. 1965 йилда шунча аҳолига мўлжаллаб битта сув иншооти қурилганди. Ўтган вақт давомида маҳалламиздаги аҳоли сони қарийб 7 минг нафарга етди, сув иншоотлари эса бошқа қурилмади. Кўп йиллар илгари шу иншоот ҳам бузилди. Ўтган йили ёзда ҳашар йўли билан сув иншооти тўлиқ таъмирланиб, аҳоли сув олишига қулай бўлган жойда битта қувур чиқариб қўйилди, аммо тармоқ йўқлиги туфайли ҳозиргача иншоотдан фойдаланилмайди. Ўтган асрда қурилган сув тармоқлари чириб кетган. Янгисини қуришни сўраб, кўплаб идораларга мурожаат қилдик. Аммо… Сув иншоотидан тўрт томонга қараб 500 метрдан, мактаб, қишлоқ врачлик пункти ва болалар боғчасигача жами 3 километр масофага янги тармоқ тортилса, қолганини одамларнинг ўзи ҳашар йўли билан бажаришади.
Маҳалла аҳлининг мурожаатлари ва бир неча юқори идораларга йўлланган мактубларига жавобан вилоят "Сувоқова" ДУК 2016 йил 24 июндаги жавоб хатида қишлоқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув иншоотини таъмирлашни 2017 йилги Давлат дастурига киритиш учун таклиф беришни маълум қилган. "Сувоқова"нинг 2017 йил 20 апрелдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати С.Намозовга, вилоят ҳокимлиги ва маҳалла фуқароларига ёзган хатида маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида янги сув иншооти ва сув тармоғи қуриш бўйича 2018 йилги Давлат дастурига киритиш таклифи берилишини маълум қилган.
Шу корхонанинг 2017 йил 30 декабрдаги туман ҳокими ва маҳалла раисига юборган жавоб хатида маҳалладаги сув иншооти "Сувоқова" ДУК ходимлари томонидан тўлиқ таъмирланганлиги, ҳозирги вақтда иншоот ишлаб турганлиги ва аҳоли сувни шу ердан ташиб ичаётгани ёзилган. Мактаб, ҚВП, МТМ ҳамда аҳолига тоза ичимлик суви тармоғини тортиш 2019 йилги дастурга қўшимча таклиф сифатида берилиши айтилган. Битта корхонадан бир масала юзасидан бир неча хил жавоб, уларнинг қай бирига ишониш керак? Бунинг устига сув иншоотидан аҳоли ҳанузгача фойдалангани йўқ.
Маҳаллада жойлашган мактабдаги 870 нафар ўқувчининг аксарияти иссиқ кунларда шу ердаги қудуқдан сув ичади. Қишлоқ врачлик пункти ва мактабгача таълим муассасасида ҳам шу аҳвол. "Сувоқова" ДУК туман филиали лаборантлари ёки туман санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари бирор маротаба келиб, маҳаллада одамлар истеъмол қилаётган сувнинг таркибини текшириб кўрмаган.
Сув иншооти маҳалла марказида бўлиб, мактаб, ҚВП, МТМ бинолари яқин масофада, деярли бир нуқтада жойлашган. Ёш авлоднинг саломатлиги учун ҳам тармоқ тортишни йилдан-йилги дастурга қолдиравериш инсофданми? Маҳаллада жойлашган мактабдаги 870 нафар ўқувчининг аксарияти иссиқ кунларда шу ердаги қудуқдан сув ичади. Қишлоқ врачлик пункти ва мактабгача таълим муассасасида ҳам шу аҳвол. "Сувоқова" ДУК туман филиали лаборантлари ёки туман санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари бирор маротаба келиб, маҳаллада одамлар истеъмол қилаётган сувнинг таркибини текшириб кўрмаган.
– Мен сув иншооти таъмирланган пайтда сув намунасини текширтириб, хулосасини олганман, – дейди "Сувоқова" ДУК Паст Дарғом туман филиали бош муҳандиси Олим Очилов. – Лекин жўмракдаги сувни текшириб кўрмаганмиз.
– Яроқсиз сув истеъмол қилиш оқибатида сўнгги йилларда аҳоли орасида юқумли касалликлар кўпайди, – дейди қишлоқ врачлик пункти катта ҳамшираси Дилфуза Маллаева. – Бу, айниқса, ёш болаларда учрамоқда. Жигар билан боғлиқ ва ўткир асоратли касалликлар сони ҳам ортган. Шунинг учун ўсмир ёшдаги болаларга иложи борича қайнатилган сув истеъмол қилишларини айтяпмиз. Лекин ҳар доим ҳам болаларни қайнаган сув билан таъминлаб бўлмайди.
– Аслида бу муаммо қўшни Тўрт айғир маҳалласидаги экин майдонларига сув чиқариш мақсадида ёнимиздан оқиб ўтувчи катта анҳорни тўсишдан бошланди, – дейди шу маҳалланинг кексалар ва фахрийлар бўйича раис ўринбосари Бахтиёр Нуралиев. – Шундан сўнг ер ости сувлари кўтарилиб кетди. Улар билан кўп йиллик қадрдон қўшнимиз, тўйимиз, маъракамиз бир. Шу боис анҳорни тўсишингиз бизнинг маҳаллага намгарчилик олиб келди деёлмаймиз. Бу муаммонинг ечими шуки, янги тармоқлар тортиш ва мавжуд сув иншоотини ишга тушириб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мумкин. Бунинг учун мутасаддилар етарлича эътибор қаратишса бўлгани.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
"Зарафшон"нинг махсус мухбири.