Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Божхоначилар экспортёр корхоналарда бўлиб, тадбиркорлар мурожаатини ўрганди

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Я.Мирзараҳимов бошчилигида божхоначилар Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.

Хусусан, “ELXOLDING” ва “DAKA-TEX” корхоналарига бориб, ишлаб чиқариш жараёни, чет элдан импорт қилинаётган хомашёлар, хорижга чиқарилаётган тайёр экспорт маҳсулотларини кўздан кечирди. Тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, божхона соҳаси бўйича муаммолари бор-йўқлиги, уларни қийнаб келаётган масалалар билан қизиқди.

Бугунги кунда ўқув лаборатория жиҳозлари ва электр двигателли юк мотоциклларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган “ELXOLDING” корхонаси ўз эҳтиёжлари учун 2020 йилда Хитой, Германия, Украина, Россия каби давлатлардан 2 миллион 782 минг 663 АҚШ доллари қийматидаги хомашё келтирган. Олиб келинган товарлар учун корхонага божхона расмийлаштирувидан 2 миллиард 210 миллион 408 минг АҚШ доллари миқдорида божхона имтиёзи берилган.

Корхона йилига 300 комплект ўқув лаборатория жиҳозлари ҳамда 1500 дона юк мотоцикллари ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда 230 нафар ишчи фаолият олиб бормоқда.

2020 йилдан бугунги кунга қадар корхона томонидан умумий қиймати 38143 минг долларлик 2,73 тонна маҳсулот Беларусь ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинган.

Шунингдек, корхона томонидан жорий йилда 500 та электр двигателли юк мотоцикллари бозорга чиқарилиши режалаштирилган. 

Учрашув давомида тадбиркорлик субъектларига божхона соҳасидан бир қатор норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича ҳам тушунчалар бериб ўтилди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.