Бола ўғирлашга уриниш ҳолати ўрганилди

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 260-мактаб атрофида бола ўғирлашга уриниш ҳолати юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Воқеа юз бергани юзасидан мактаб раҳбарияти томонидан дарҳол туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилинган.

Маълум бўлишича, 2019 йил 21 октябрь куни тахминан соат 13.00 ларда 19 ёшли мактабнинг собиқ битирувчиси шу мактабда таҳсил олаётган 17 ёшли дўстининг олдига қора рангли “Spark” русумли енгил автомобилда келган. Йўл юзида турган бошланғич синф ўқувчисига нечинчи синфда ўқиши ҳақида сўраган ҳамда уни уйига олиб боришни таклиф қилган.

Тахминан 10 метр узоқликда кузатиб турган бошланғич синф ўқувчисининг отаси бу ҳолатни нотўғри тушунган ҳамда ИИБ ходимларини воқеа жойига чақиртирган.

Туман ИИББ ЙПХ ва Миллий гвардия ходимлари дарҳол воқеа жойига етиб келиб, суриштирув ишларини олиб боришган.

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, ўрганиш натижалари бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар ўз исботини топмади.