Болалар шўхлиги оқибатида кўп қаватли уй хонадонида ёнғин юзага келди
Бугун, 12 январь куни соат 11:13 да Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимига Чирчиқ шаҳар 8-кичик даҳа 9-уйда яшовчи фуқаролар томонидан ушбу уйнинг 41-хонадонида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақидаги хабар келиб тушган.
Мазкур хабар юзасидан туман фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарув гуруҳи воқеа жойига зудлик билан етиб борган. Қутқарувчиларнинг ўз вақтида кўрган тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу хонадонда истиқомат қилувчи 1950 йилда туғилган фуқаро K.A. ҳамда набираси, 2018 йилда туғилган вояга етмаган Ш.Д. аланга ичидан олиб чиқилган. Уларга тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган. Тан жароҳатлари аниқланмаган.
Ҳодиса оқибатида уйнинг 30 квадрат/метр майдони зарар кўрган бўлса, қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракати билан хонадоннинг 60 квадрат/метр майдони сақлаб қолинган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, дастлабки суриштирув ишлари давомида содир бўлган ёнғиннинг тахминий келиб чиқиш сабаби болалар шўхлиги оқибатида юзага келганлиги деб тахмин қилинмоқда.