Болаларини дарёга ташламоқчи бўлган она билан суҳбат ўтказилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бекобод туманида яшовчи аёл фарзандларини дарёга ташламоқчи бўлган, деган мазмундаги видеохабар тарқалмоқда.

Аёлнинг уйида бўлган Бекобод тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Ёқутхон Мўминова воқеа юзасидан шундай хабар беради:

"Видеодаги аёл А.Р. ва унинг фарзандлари Бекобод тумани Туркман МФЙда доимий яшаб келади. Бу ҳолат 2020 йил 15 декабрь куни содир бўлган.

Дастлабки суҳбатлардан маълум бўлишича, аёл Сирдарё вилояти Ширин шаҳри ободонлаштириш бошқармасида ишловчи турмуш ўртоғи телефонига жавоб бермагани учун жаҳли чиққан ва рашк устида ножўя гапларни гапирганини айтган.

Онанинг сўзларига қараганда, у ва болалари Тошкент вилояти Бекобод туманидан Сирдарё вилояти Ширин шаҳри, Фарҳод МФЙга ўтадиган "Дўстлик" каналидан ўтиб бўлгач, Ширин шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан тўхтатилиб видеога олинган.

Аёл алам устида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимларига кескин гапиргани, аммо ҳеч қачон ўз фарзандларини сувга ташлаш нияти бўлмаганини, ўғлининг бош кийими эса бехосдан сувга тушиб кетганини айтмоқда.

Мазкур оила шу пайтгача тинч-тотув яшаб келган, оилада муқаддам нотинчлик кузатилмаган.

Айни пайтда ҳолат вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан атрофлича ўрганилмоқда.

Шунингдек, Васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари келиб, болаларнинг келгуси тақдири бўйича тегишли қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Ҳолат юзасидан кейинроқ батафсил ахборот берилиши маълум қилинган.