Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бўлган воқеа: Бировнинг ҳақи...

Буни менга бир талаба айтиб берганди.

- Тирикчилик сабаб беш-тўрт сўм топиш учун ишга чиқиб турардик. "Мардикор бозори"да одатдагидек харидор кутиб турганимизда бир башанг кийинган киши кибру ҳаво билан олдимизга келди.

– Ҳовлига гул экиш керак, – деди.

Унинг манманлиги малол келса ҳам ишсиз қолишимиздан қўрқиб, нархни келишиб олиб, ноилож рози бўлдик.

Машинасида унинг ҳовлисига бордик. Гул экиладиган майдон анча катта эди. Бойвачча ишни бошлаш пайтида қўшиб қўйди:

– Ҳақларингни гулни экиб улгурсангларгина оласан! Бўлмаса бир сўм ҳам бермайсан!

Рози бўлдик ва ишга қаттиқ киришдик. Иш оғир, ер анча қаттиқ. Иш қуроллари ҳам жуда боп эмас. Унинг устига бу пўрим йигит бир оз дам олишга ҳам қўймай,  бизнинг тепамизда турди. Ўлгудек ишлаб, ниҳоят шом пайтида зўрға ишни тугатдик. Айниқса, орамизда ёши каттароқ шеригимиз бор эди, ўша киши сиртдан билдирмаса ҳам, анча ҳориб қолди.

Ниҳоят иш якунланиб, юз-қўлларимизни ювиб, кийимларимизни алмаштирдик. Ҳалиги бойвачча уйига кириб кетди. Биз "Энди у пулни олиб чиқар", деб анча кутдик, аммо ҳеч гап йўқ. Охири одобдан бўлмаса ҳам ичкари уйининг эшигига бориб чақиришимизга тўғри келди.

У сўрида ястаниб ётганча телевизор томоша қиларди. Бизга беписандлик билан қараб:

– Э-ее... Сенлар ҳалиям шу ердамисанлар? Ҳақларингни эртага оласанлар, - деди.

– Ўйлаб гапиряпсизми? Эртага яна келамизми?

– Э, бошимни оғритмаларинг! Асабимга текканларинг учун бир сўм ҳам бермайман! Қани, уйни бўшатиб қўйларинг!

Унинг бу гапидан ҳангу-манг бўлиб қолдик. Босиқлик билан инсофга чақирмоқчи ҳам бўлдик. Бироқ у истеҳзо қилишдан нарига ўтмади. Шунда ҳалиги ёши катта шеригимиз тасалли бериб, бойваччани Худога солиб, "Майлига, хонага қайтамиз", деди. Лекин орамиздаги энг ёш йигит чидай олмай:

– Илоҳим, бизнинг ҳақимиз жанозангга буюрсин! – деб юборди. Бу гапни эшитган бойваччанинг хотини қўрқиб кетди:

– Оғзингизга қараб гапиринг!..

Вақт алламаҳал бўлиб қолгани сабабли автобус, йўналишли таксилар ҳаракати тўхтаган. Чўнтагимизда таксига етарли пулимиз йўқ эди. Ноилож пиёда кетишга мажбур бўлдик. Анча юрганимиздан кейин ёнимизга бир енгил машина келиб тўхтади.

- Чиқинглар, акалар. Обориб қўяман, - деди ҳайдовчи.

Биз бир-биримизга қараб қолдик. Чунки унга берадиган йўлкирамиз йўқ эди. Ноилож баҳона қилдик:

- Йўқ, раҳмат, пиёда кетаверамиз.

- Шу ярим кечада-я? Қаёққа борасизлар ўзи?

Манзилни эшитиб: - Вой бўў! Қачон етиб борасизлар у ерга. Чиқинглар, мен киракаш эмасман, бепул обориб қўяман, - деб илтифот қилди.

Биз машинага чиққач, нима қилиб юрганимизни сўради. Бўлган гапни эшитиб, анча жаҳли чиқди ва тасалли берди. Сўнг давом этди:

– Акалар, шу десанглар, бугун ҳаётимда энг қувончли кун. Фарзандли бўлдим. Ҳозир туғруқхонадан, келинларингизнинг олдидан келяпман. Шу туғилган фарзандим учун эҳсоним бор эди. Сизларни Худо етказди, - деди.

Сўнг ёнидан анча пул чиқарди ва бизларга узатди. Йўқ деганимизга қулоқ солмай мажбур қўлимизга тутқазиб қўйди.

Ҳар биримизга берилган пул ҳатто бугунги келишилган хизмат ҳақидан ҳам ортиқроқ эди.

Тақдир тақозосига кўра орадан бир ҳафта ўтиб яна ўша кўчага бориб қолдик. Ҳалиги бойваччанинг уйи томон қарагим келмас эди. Лекин унинг дарвозаси олди одамлар билан гавжум эди.

– Тўй бўляпти, шекилли, – деди шерикларимнинг бири ҳайдовчига қараб.

– Э, тўй қаёқда, – деди ҳайдовчи. – Кеча бу ҳовли эгасининг ўғли автоҳалокат туфайли оламдан ўтди. Ўшанинг жанозаси...

Манба