Бош прокуратура ҳар бир фуқарога кундалик тутишни тавсия қилди

Коронавирус инфекциясининг шиддат билан тарқалаётгани бутун инсониятни жиддий ташвиш ва хавотирга солмоқда.

Ҳар бир давлат ўз имконияти доирасида бу офатнинг таъсирини юмшатиш ҳамда кенг тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда, турли мамлакатларда турлича фавқулодда чоралар кўрилмоқда.

Бироқ ваҳима ва таҳликага тушмасдан, оқилона, аниқ мақсадга қаратилган қатъий чораларни кўриш, метиндек мустаҳкам тартиб-интизом асосида ҳамжиҳатликда ҳаракатланишгина инфекцияни жиловлашнинг бирламчи омили бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари ҳамда бевосита кўрсатмалари асосида ана шундай қатъий, қисқа муддатда самара бериши аниқ бўлган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Уларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши учун барча давлат органлари бирдек масъул эканини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ.

Бош прокуратура жорий йилнинг 4 апрелида коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш, тегишли хизматларга мазкур касалликка чалинган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни тезкор равишда аниқлаш ва уларнинг бошқа фуқаролар билан мулоқотини чеклаш бўйича кўмаклашиш чораларини белгилади.

Жумладан, Бош прокуратурада коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар доирасини аниқлаш бўйича идоралараро штаб, ҳудудларда эса идоралараро ишчи гуруҳлар тузилди.

Мазкур гуруҳлар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан тегишли суриштирув ишларини ўтказади, уларнинг эпидемиологик маршрути, ким билан қачон, қаерда мулоқотга киришганини аниқлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, Бош прокуратура фуқароларимиздан бугундан бошлаб ўзларининг кундаликларини юритишини сўрайди.

Ҳар бир фуқаро қачон, ким билан, қаерда ва қай тарзда мулоқот қилганини ёзиб бориши мақсадга мувофиқ.

Бу маълумотлар аввало, касалликнинг олдини олиш, унинг тарқалишига чек қўйиш, пировардида минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Зотан, аксарият давлатлар тажрибаси инфекциянинг илк зарбаларини қабул қилиб олаётган тиббий хизматнинг унга чалинганлар билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш ҳамда тегишли тартибда карантинга жойлаштиришда қийинчиликларга дуч келаётгани, даволашга сарфаланадиган вақт ва имконият йўқотилаётганини кўрсатди.

Бугун ҳеч бир фуқаронинг бепарво бўлишга, ғафлатда қолишга ҳақи йўқ.

Ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ва бошқа инсонларнинг ҳаётига хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар доирасини аниқлаш бўйича Бош прокуратурадаги штаб, ҳудудлардаги ишчи гуруҳлар инфекциянинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, мудҳиш оқибатларнинг олдини олиш борасида барчани ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка чақиради.