Босма нашрлар қайтадан давлат рўйхатидан ўтказилади ва муассис томонидан қўллаб-қувватланади

Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар белгиланиши кутилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокамага эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари муассислигидаги даврий босма нашрлар

2020 йил 1 июлдан бошлаб давлат божи ундирилмасдан оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз муассислигидаги даврий босма нашрлар таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улардаги таҳририят ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашга доир қуйидаги муҳим вазифаларни амалга ошириш вазифаси топширилади:

  - ўз биносига эга бўлмаган даврий босма нашрлар таҳририятлари 2020 йил 1 ноябрь кунидан бошлаб уч йил муддатга, муассис балансидаги биноларга ижара тўловисиз ёки давлат кўчмас мулки объектларига ижара тўловини ушбу кўчмас мулк объектларига нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги шартнома асосида жойлаштириш;

- даврий босма нашрлар таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида молиявий йил якунида тақсимланадиган таҳририят соф фойдасининг муассисга тегишли қисми таҳририят ҳисобида қолдириш ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш;

 - давлат рўйхатидан ўтказилган даврий босма нашрлар таҳририятлари ходимларининг штат жадвали бўйича сони ва уларнинг иш ҳақи миқдорларини тасдиқлаш ва ушбу меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга маҳаллий ҳокимият органларининг вилоят, туман, шаҳар бюджетидан ташқари жамғармалари ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратиш;

- 2020 йил 1 сентябрга қадар ўз муассислигидаги даврий босма нашрларнинг электрон вариантларини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш;

- эҳтиёжманд ва фаол журналистларни молиявий аҳволини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш.

2021 йил 1 январдан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари муассислигидаги даврий босма нашрларнинг бош муҳаррирлари устувор равишда журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлган шахслар орасидан тайинланади;

туман, шаҳар ижроия ҳокимияти, давлат бошқарув органларининг ҳудудий бўлинмалари муассислигидаги даврий босма нашрлар бош муҳаррирларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этишда тегишлича юқори турувчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг хулосаси ҳисобга олинади.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 21 майига қадар давом этади.