Бўйимадарон қандай ўсимлик? Фундук дарахти Самарқанд шароитида кўпайтирилади, балиқларга хушхўр сув ўтлари тайёрланади
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг илмий ва амалий асослари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси иш бошлади.
Унда вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов, қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган профессор-ўқитувчилар иштирок этди.
Илмий-амалий конференцияда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда инновацион ресурс тежамкор ва рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда ривожланиш истиқболлари, халқаро бозор талаблари доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, сертификатлаш ва стандартлаш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
- Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилиши керак бўлган илмий ишлар жуда кўп, - деди институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Бобур Эшонқулов. – Ҳар бир мавзу ўзининг долзарблиги билан аҳамиятли. Ушбу конференциямизга 110 дан ортиқ илмий маърузалар тақдим этилди. Улардан 30 таси бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан ёзилган бўлиб, улар ичидан сараланган маърузалар икки кун давомида 4 та шуъбада муҳокама этилади.
Конференция доирасида институт талабаларининг стартап лойиҳалари, илмий тадқиқот ишлари кўргазмаси ташкил этилди.
- Қаровсиз, ташландиқ ерларга бўйимадарон ўсимлигини етиштириш ва ундан доривор маҳсулотлар тайёрлаш устида илмий изланяпман, - деди институт талабаси Шаҳзодабону Курашова. – Бўйимадароннинг, асосан, гули ва поясидан хомашё оламиз. У ошқозон яраси, ошқозоности бези касалликларига даво бўлади. Буни экиш учун институтимиз ер ажратган бўлиб, бир йилда 280 килогача хомашё оламиз. Бу лойиҳа мамлакатимизда илк бор амалга ошириляпти, бу ҳақда илмий мақолалар чоп этганман. Бўйимадарон ўсимлигидан доривор чой тайёрлаш ва уни сотувга чиқаришни йўлга қўймоқчиман.
Шунингдек, талабалар томонидан фундук дарахтини Самарқанд шароитида кўпайтириш, балиқларга хушхўр сув ўтлари тайёрлаш, гулчиликда хориж тажрибасини қўллаш каби йигирмага яқин стартап лойиҳалар намойиш этилди.