Бриллиант саноати жар ёқасидами?

Қазиб олинадиган бриллиант савдогарлари узоқ йиллар бриллиантни лабораторияда етиштирувчи компанияларни бозордан муваффақиятли сиқиб чиқаришга муваффақ бўлиб келдилар. Улар истеъмолчиларни сунъий бриллиант Африка ва Сибирда қазиб олинаётган бриллиантлардан анча сифатсиз эканлиги ва фақат техник эҳтиёжларгагина ярашига ишонтиришга эришдилар. (“Мир новостей”, 2021 й, 21-сон).

Бироқ қимматбаҳо тош етиштириш технологияси такомиллашмоқда. Экспертлар олмосларни лабораторияда етиштириш саноат учун чинакам таҳдидга айланаётганини тан олишди. Уларни бир-икки ҳафтада етиштириш мумкин. Фақат нархи табиийдан бироз арзон бўлади, аммо миллионлаб йил давомида ер қаърида пайдо бўлган аслидан мутлақо фарқ қилмайди.

Бугунги кунда олмослар асосан АҚШ, Ҳиндистон ва Хитойда етиштирилмоқда. Янги технологиялардан фойдаланилиб янада юқори классдаги тошлар яратилмоқда. Майдагина  олмос бўлаги вакуум камерага жойлаштирилади. Углерод билан тўйинтирилган газга тўлдирилади. 1000 даража ҳароратда газ плазмага айланади ва олмос бўлаги билан бирикиб, тош шаклланади. Шу тарзда исталган ҳажм ва рангда олмос яратиш мумкин.

Атроф-муҳит ҳимоячилари ушбу технологияни қўллаб-қувватламоқдалар. Негаки, у ер қаърини ковлаш, табиатни вайрон бўлиши, сув, ҳаво, тупроқни ифлосланишдан сақлайди. Анъанавий бриллиант савдогарларини уларнинг асосий мижозлари-аёлларни лаборатория олмосларини тобора кўпроқ намойиш қилаётгани ташвишга солмоқда.

Табиийсидан арзон турувчи, бунинг устига сифати жиҳатидан устун бу бриллантлар бозорни эгалламоқда.

Т.Шомуродов тайёрлади.