Бруклин-Сентерда афроамерикаликнинг ўлими муносабати билан намойишлар тўхтамаяпти

11 апрель куни АҚШнинг Миннесота штатидаги Бруклин-Сентер шаҳрида полициячи афроамерикалик Даунт Райтни отиб ўлдирган, шундан сўнг шаҳарда норозилик намойишлари бошланган эди.

Даунт Райтни отиб ташлаган собиқ полициячи Ким Поттер 100 минг доллар гаров пули эвазига ҳибсдан озод қилинган. Шу боис аҳоли кетма-кет олтинчи куни намойишга чиқди, дея хабар берди KARE телеканали. Натижада 100 га яқин киши ҳибсга олинди.

Қайд этилишича, кеча, 16 апрель куни кечқурун Бруклин-Сентер шаҳри полиция бўлимига 500 га яқин одам келган. Оқибатда шаҳар ҳокимияти 17 апрелга ўтар кечаси яна коммендантлик соати ўрнатган.

Намойишчилар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг тарқалиш ҳақидаги чақириқларига қулоқ солишни истамаган, улар полиция ходимларига турли нарсалар улоқтирган.