Бугун туғилган кун

Таниқли шоир Мамарасул Бобоев 1911 йил 3 апрелда Каттақўрғон шаҳрида туғилган.
1931 йилда Мамарасул Бобоев Самарқанд педагогика академиясининг ижтимоий фанлар факультетига ўқишга кирса-да, республика халқ хўжалигини коллективлаштириш, саводсизликни тугатиш компанияларига комсомол йўлланмаси билан сафарбар этилиб, ишга киришиб кетади. У дастлаб Булунғур районида ўқитувчилик қилди, кейинчалик Наманган педагогика билим юртида ва Тошкент мактабларида она тили ва адабиёт фанидан дарс беради.

1938 йилда Тошкент педагогика институтини тугатган.
1941-1946 йилларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. Кейинчалик, умрининг охиригача республика газета, журнал, нашриётлари ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган.
«Жанубий нуқтада», «Эрон дафтари», «Садоқат ҳақида» шеърлар туркуми ва бошқа китоблари нашр этилган.

Унинг «Ёшлик чоғим — олтин чоғим», «Гўзаллик истаб» каби драмалари катта саҳналарда қўйилган. Рус (М.Лермонтов, Н.Некрасов, Т.Шевченко, Н.Тихонов, К.Симонов), татар (М.Жалил), авар (Р.Ҳамзатов) шоирлари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Мамарасул Бобоев 1969 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.

***
БОБОМ АРМОНИ
Ер тинмай айланар. Доимо бедор –
Қанотида юзлаб қиш ва ёз сўнар...
Шундан фақатгина бир неча баҳор
Жамолин кўраман: нур билан ўйнар.

Мана бобом! Унга ҳар нарса эҳсон
Қиламан. Асрга яқиндир ёши.
Юздаги ажинлар – йилларига сон,
Аммо бор бир армон, битта хоҳиши.

Бугун ҳам у билан ширин суҳбатда
Ҳар тўғрида фикр айладик баён.
Ёшлик, бахтимизни мақтар ҳар гапда,
Назаримда, қилар у шундай армон:

“Яшарсам, ёшарсам! –
Шундай ўйлар у, -
Билгич бу докторлар бир чора кўрса,
Кексалик дардига бир даво қилса,
Бу ёруғ кунлардан кўз олса ёғду.

Кипригим устидан қувса, йўқол, деб,
Тушаётган ўлим соясин йироқ.
“Мана йигитлигинг, чол, қайта ол” деб,
Олов йилларимни қайтарса озроқ!..

Бу кечган умримнинг жами онини
Шу кунлар дамига тенглаёлмадим.
Муҳтожлик еридан ризқим донини
Териб едим, аммо тўйиб емадим...

У замонда мендек талай бечора
Уйсиз, бошпанасиз дарбадар ўтган.
Эрксиз ва ҳуқуқсиз, сийналар пора,
Ҳақсизлик кўп ожиз бошларни ютган.

Энди, хиралашиб қолган кўзларим
Обод, дориламон ҳаёт кўрмоқда.
Шод, бахтиёр юртнинг ўғил, қизлари!
Ойдин келажак ҳам порлаб турмоқда!

Олган ҳар нафасим туйилар болдек.
Бунда кексалик ҳам катта бахт! Бироқ, элга мадад бермоғим учун –
“Мана йигитлигинг, чол, қайта ол” деб,
Олов йилларимни қайтарса озроқ!”.

1939 йил