Бу ҳафта иссиқ ва қуруқ келади: ҳаво ҳарорати 44 даражагача кўтарилади

“Ўзгидромет”дан маълум қилишларича, бу ҳафта иссиқ ва қуруқ келади. Сабаби, бу пайтга келиб, қуёш шимолий ярим шарнинг энг юқори нуқтасига кўтарилиб, заминни беаёв қиздиради. Бу даврда Ўрта Осиё ҳудуди, шу жумладан Ўзбекистон паст босимли яққол намоён бўлмайдиган фронтсиз майдонлар таъсирида бўлади. Қизиган чўллар устида юқори ҳароратли ва таркибида нам жуда кам бўлган континентал тропик ҳаво оқимлари шаклланади.

Бу ёзнинг ўртасида ҳавонинг кам булутли, қуруқ ва жазирама иссиқ бўлишини белгилайди. Шу боис бу ҳафтада ва кейинги ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ёз авжи учун хос бўлган иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Ҳаво ҳарорати 8-10 июль кунлари кундузи 37-40 даража, жанубда ва чўл зоналарида 42 даражагача иссиқ бўлади.

Кейинчалик иссиқнинг кучайиши кутилмоқда. Кечаси ҳарорат 24-27 даража атрофида, кундузи 39-42 даража, юртимизнинг жануби ва чўл ҳудудларида кечаси 30-32 даража, кундузи 43-44 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу ёз ўртаси учун ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 5-7 даража юқори демакдир.