Бу йил туризмдан келган маблағ 926 миллион долларни ташкил этди, бунинг 30 фоизи аҳоли қўлига иш ҳақи бўлиб тушган

Президент раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида шу ҳақда айтиб ўтилди.

Таъкидланишича:

- сентябргача бўлган даврда юртимизга келган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайди ва 3,1 миллион нафарни ташкил этди;

- йил бошидан туризм экспорти ҳажми 926 миллион доллар бўлди (2019 йил давомида 951 миллион доллар бўлган);

- юртимизга келган меҳмонларнинг саёҳати ўртача 4-5 кунгача, сарфлаган маблағи 305 долларгача кўпайди (бу 2019 йилда ўртача 3 кунни ташкил этиб, улар 195 доллар сарфлаган);

Ички саёҳат қилувчилар сони ҳам ўтган йилга нисбатан 3,5 бараварга ўсиб, 7,5 миллион нафарни ташкил қилди.

Йиғилишда туризмда топилган даромаднинг 30 фоизи одамларнинг қўлига иш ҳақи бўлиб бориши, саноатда ва бошқа тармоқларда бу 10 фоиздан ошмаслиги кўрсатиб ўтилди. Туризм соҳасида яратилган битта иш ўрни турдош тармоқларда қўшимча иккита иш ўрни пайдо бўлишига туртки беради.