Бу йилги абитуриентлар тест синовларини қандай топширади?
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун бошқа, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари ўқувчилари учун алоҳида дарсликлар жорий этилган. Бу ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига тест синовлари топширишида умумий саволлар тушаётгани сабабли бироз қийинчиликлар келтириб чиқаряпти. Бундай ҳолатларни бартараф этиш учун Давлат тест маркази томонидан қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Самарқанд давлат университети академик лицейида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Мажид Каримов шу каби саволларга жавоб қайтарди.
Бугунги кунда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ўқувчиларига мўлжалланган ўқув дастурлари мавжуд. Давлат тест маркази томонидан олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун тест топшираётган ҳар бир битирувчи учун ушбу дастурларга мос равишда тест китобчалари тарқатилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари абитуриентларнинг ўқишга кириш имкониятини янада ошириш мақсадида уларга бир вақтнинг ўзида учта бакалавриат таълим йўналишини танлаш ҳуқуқи берилади. Абитуриентлар учала тест имтиҳонларини топшириб бўлгандан сўнг уларнинг натижалари эълон қилинади. Бу эса ўқувчилар ўртасида ўқишга кириш бали паст бўлган олий таълим муассасасига ҳужжат топшираман, деган тушунчанинг олдини олади.
Б.Хонкелдиев.