Бу йилги тест синовлари ёпиқ майдонларда ўтказилиши айтиляпти, Самарқандда тест синовлари қайси биноларда бўлади?
Ушбу саволга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти шуъбаси мудири Воҳид Сирлибоев жавоб берди:
- Бу йил ҳам тест синовларини ўтказиш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан икки хил вариантда очиқ ва ёпиқ майдонлар режа-чизмалар тайёрланди. Бу йилги кириш тест синовларини 2023 йил 17 май куни ўтказилган видеоселектор мажлисида Бош вазир А.Арипов томонидан жорий йилда ёпиқ биноларда ўтказишга тайёргарликни 1 июлга қадар ниҳоясига етказиш вазифаси вилоят ҳокимликларига юклатилди. Ҳозирда Самарқанд вилоятида катта сиғимли ёпиқ бинолар – СамДУ академик лицейи спорт зали, Жисмоний маданият факультети спорт зали, Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг 4 та спорт заллари, Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари мактаб интернати 3 та спорт залларида ўтказиш режалаштирилиб, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз керак, ижтимоий тармоқларда 92 та ёпиқ биноларда ўтказилса, шаффофлик қай даражада таъминланади мазмунидаги саволлар пайдо бўлди. Ёпиқ бинолар дегани ОТМлар ёки мактаблар бинолари эмас, балки, катта сиғимли павильон ҳамда спорт заллари назарда тутиляпти. Бу бўйича 2018, 2019 йилларда кириш тест синовлари ўтказилган, етарлича тажриба тўпланган, абитуриентларга соя, салқин павильонларда барча шароитлар яратилади.