Бу йилги тест синовларида абитуриентлар учун қандай янгиликлар бор?
Абитуриентлар учун бу йилги тест синовлари қандай ташкил этилади? Кимлар ҳужжат топширишда тўлов қилади? Умуман, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда қандай янгиликлар бор? Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти шуъбаси мудири Воҳид Сирлибоев билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
- 2023 йил 1 январдан Давлат тест маркази тугатилиб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил этилди. Энди нималар ўзгаради?
- Таълим, фуқароларимизнинг таълим олиш ҳуқуқлари, рақобатбардош, улуғ аждодларимизга муносиб салоҳиятли авлодни шакллантириш давлатимиз сиёсатининг асосини ташкил этади ҳамда ислоҳотларнинг асосий объекти ҳисобланади.
Давлат тест марказида бутун фаолият айнан ушбу ислоҳотларни сифатли амалга оширишга қаратиб келинди. Республикамизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сифатида қайта ташкил этилди.
2022 йил давомида Давлат тест маркази томонидан 52 турдаги тест синовлари ўтказилди. Уларда 2 миллион нафардан ортиқ талабгор қатнашди. Давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул тест синовлари шу 52 турдаги тест синовларининг бири, холос. Маъмурий ислоҳотлар доирасида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига қўшимча, масалан, хорижий мамлакатларда берилган олий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишни ташкил этиш, таълим ва фан соҳаси ташкилотлари томонидан бериладиган расмий ҳужжатларга апостил қўйиш ҳамда ўрта махсус ва профессионал таълим тизимида педагог кадрларга малака тоифаларини бериш бўйича вазифалар юклатилди.
Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, абитуриентлар тест топшириқларини ечишда ёрдам тариқасида кимёвий элементлар даврий жадвали, физик катталиклар ва шартли белгилашлар жадвали, математика, физика, кимё фанларидан асосий формулалар жадвали билан таъминланади, танловда иштирок этишда давлат гранти устуворлигини белгилаш йўлга қўйилади. Шунингдек, эшитишда нуқсони бўлган абитуриентлар учун тест синовларига сурдотаржимонлар жалб этилади. Энг асосийси, тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш билан бирга, абитуриентларга қулайликлар яратишга эътибор қаратилади.
- Бу йилги тест синовлари ёпиқ майдонларда ўтказилиши айтиляпти, Самарқандда тест синовлари қайси биноларда бўлади?
- Бу йил ҳам тест синовларини ўтказиш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан икки хил вариантда очиқ ва ёпиқ майдонлар режа-чизмалар тайёрланди. Ҳозирда катта сиғимли ёпиқ бинолар – СамДУ академик лицейи спорт зали, Жисмоний маданият факультети спорт зали, Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг 4 та спорт зали, Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати 3 та спорт залида ўтказиш режалаштирилиб, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз керак, ижтимоий тармоқларда 92 та ёпиқ биноларда ўтказилса, шаффофлик қай даражада таъминланади, деган саволлар пайдо бўлди. Ёпиқ бинолар деганда ОТМлар ёки мактаблар бинолари эмас, балки катта сиғимли павильон ҳамда спорт заллари назарда тутиляпти. Бу бўйича 2018, 2019 йилларда кириш тест синовлари ўтказилган, етарлича тажриба тўпланган, абитуриентларга соя, салқин павильонларда барча шароитлар яратилади.
- Давлат тест маркази биноси қурилаётгани ҳақида эшитгандик, қаерда қуриляпти ва қачон топширилади?
- ДТМ вилоят бўлимини жойлаштириш бўйича Паст Дарғом тумани Камолот маҳалласи ҳудудида намунавий лойиҳа асосида 1200 ўринли замонавий қулайликларга эга бино қурилиши давом этмоқда.
- Бу йилги тест саволлари ўтган йилгидан нимаси билан фарқ қилади?
- Тест топшириқлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, абитуриентларнинг мантиқий фикрлашини, масала ва мисолларни бажара олиш қобилияти ва таълимнинг кейинги босқичига тайёргарлигини баҳолайдиган умумий ўрта таълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқилади.
Жорий йилда ҳам ишлаб чиқилган намунавий тест топшириқлари февраль, март, апрел ва май ойларида республиканинг барча ҳудудларида апробациядан ўтказилди. Апробация натижалари бўйича тестология ва педагогик ўлчовлар назарияси асосида статистик таҳлил амалга оширилиб, ушбу таҳлил натижалари фан мутахассислари томонидан кўриб чиқилади. Экспертлар тавсиялари асосида тест топшириқлари янада такомиллаштирилиб, жараёнлардан ўтган тест топшириқлари амалиётда фойдаланиш учун жорий қилинади.
Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида абитуриентларга
2 та мутахассислик фанидан 30 тадан 60 та тест топшириғи;
3 та мажбурий фандан 10 тадан 30 та тест топшириқлари берилади.
Бунда мутахассислик фанларидан тест вариантлари 3 та қийинлик даражасидаги (осон, ўрта, қийин) тест топшириқларидан шакллантирилади.
- Кимлар ҳужжат топширишда тўлов қилади? Абитуриент хориждан туриб ҳам ОТМга ҳужжат топшира оладими?
- Бу йилги қабул жараёнларида ҳам олдинги йиллардаги каби жорий йил битирувчилари, ногиронлиги бўлган, тўлиқ давлат таъминотидаги, ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган шахслар ва уларнинг фарзандлари, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар тест синовлари учун тўловдан озод қилинади. Юқорида келтирилган тоифадан бошқа абитуриентлар тест синовларида қатнашиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўловни амалга оширади. Абитуриент my.uzbmb.uz тизими орқали хориждан туриб ҳам онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин, бунда ўз шахсий кабинети орқали тест синовлари учун тўловни амалга ошириб, белгиланган санада, ўзи хоҳлаб кўрсатган манзилда тест синовларида иштирок этиш имконияти яратилган.
- Абитуриент қанча ОТМга ҳужжат топшира олади?
- Бу йилги қабул жараёнида ҳам абитуриентларга хоҳлаган олий таълим муассасаси учун онлайн рўйхатдан ўтиш, шунингдек, 5 тагача таълим йўналиши шаклини, тест синовларини ўзига қулай бўлган ҳудудда топширишни танлаш имконияти йўлга қўйилади.
- Бу йилги мактаб битирувчилари ID-картаси бўлмаса, ОТМларга ҳужжат топшира олмайдими?
- Абитуриентлар ОТМларга кириш имтиҳонига тегишли ҳужжатларни онлайн рўйхатдан ўтказишлари учун ўзларининг паспорт (ID-карта) ва аттестат маълумотларини (жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами – ЖШШИР) Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг электрон дастурига киритиш талаб этилади. Шу сабабли ID-картасиз ОТМга кириш учун онлайн ариза топшириб бўлмайди. ID-карта олиш учун ўзлари яшаётган ҳудудий ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари ва Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш зарур.
- Ўтиш бали неча балл этиб белгиланган?
- Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери ОТМга киришдаги минимал ўтиш балли максимал балнинг маълум фоизлардаги қисми билан баҳоланади.
Ҳозирда:
давлат грантининг минимал ўтиш балли 68,0 балл (яъни, энг юқори ўтиш бали 189,0 нинг 36 фоизи);
тўлов-контрактнинг минимал ўтиш бали 56,7 балл (яъни, энг юқори ўтиш бали 189,0 нинг 30 фоизи) этиб белгиланган.
- Бировнинг ўрнига тест жараёнига киришга уринганларга қандай жазо бор?
- Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда абитуриентларнинг натижалари чиқарилмаслигига асос бўлувчи ҳолат келтирилган. Лекин минг афсуски, айрим “абитуриент”лар томонидан бошқа бировнинг ўрнига киришга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундай ҳолатларда чоралар кўриш бўйича Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан абитуриентларга 3-5 йилгача ҳужжат топшира олмаслик жазосини қўллаш таклифи берилган. Таклиф инобатга олинса, албатта, жорий йилдан амалда қўлланилади.
- Бу йилги мактаб битирувчиларига қандай имкониятлар бериляпти?
- Жорий йил битирувчилари онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида тест синовлари учун тўловдан озод қилинади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги 696-сон қарорига мувофиқ, 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб таълим ташкилотлари битирувчилари баҳоларининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблаш ва уни олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби жорий этилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.