Буғдой пишиғига етмаганлар...

Очарчилик. Йўлида учраган тирик жонни ўз домига тортадиган туйғу. Жонига чанг соладигина эмас, инсоний фазилатларга ҳам путур етказади. Имон­-эътиқодини қайта ва қайта имтиҳон қилади. Сабр­-тоқат, қаноат, одамийлик каби тушунчалар у туфайли оёқости бўлиши мумкин...

Нурали Қобилнинг “Буғдой пишиғига етмаганлар” қиссасида очлик ва чорасизлик қаршисида ожиз қолган инсоний туйғулар ва асрлар синовидан ўтган боқий қадриятлар маҳорат билан қаламга олинган. Ўсмат қишлоғи одамларининг уруш даври ҳаёти, очарчилик балосининг сўнгсиз изтироби катта инсоний дард сифатида тасвирланади.

Бир бурда нон, бир стакан чой билан болаларни ушлаб турган мактаб ҳам қаттиқ совуқ туфайли ёпиб қўйилган. Қишнинг эндигина бир ойи ўтяпти. Қолган-­қутган егулик билан нари борса ўн кунни амаллаш мумкин. Ўн ёшли Анвар онасининг ғамгин нигоҳидан ана шу ўн кундан кейинги ташвиш ва таҳликани уқади. Чунки уйда нон ёпилмас, анчадан бери тандирга юк бўладиган унни кўришмаган эди.

Кенжа синглиси ҳар тонг уйғониб, кўп нон тушига кираётганлигини айтади. Қизболанинг туши тескари келади. Буғдой пишиғига етмагунча эмин­-эркин нон ейиш қайда? Тут пишиғига етиб олсак ҳам катта гап, дейди онаси.

О.Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса”, Ў.Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, “Дунёнинг ишлари”, Назар Эшонқулнинг “Уруш одамлари”, Саломат Вафонинг “Элат” каби асарларида оддий халқ устида олиб борилган ноинсоний сиёсат, жанг майдонларида юз бераётган хунрезликлар ҳаққоний талқин этилган.

“Буғдой пишиғига етмаганлар” қиссаси ҳам уларда тилга олинган ва олинмаган жиҳатларни тўлдиради. Санам, Қўйсин хола, Эрали тегирмончи, Усмонали, Зуҳра хола, Аҳмад омборчи каби индивидуал образлар инсон матонати ва шукроналикнинг ёрқин ифодасидир.

Қўйсин хола чорасиз қолиб, отамерос ўригини кестиради. Қишлоқ болалари худди илон тажовуз қилган қалдирғоч полапонларидек дуч келган тарафга чопиб, чирқиллашади. Чунки бу оддий дарахт эмас, уларни боқадиган ўрик.

Бироқ болаларнинг ноласига ҳеч ким қулоқ осмайди. Қўйсин холанинг ўзи ҳам ичидан эзилади. Аммо зардоли учун солиқ тўлаш Қўйсин холага оғир. Мевали дарахти борларга ўтган ёзда қўшимча солиқ солишган. Қишлоқнинг бола­бақрасию ўтган­кетган нон ўрнида ейдиган ўрикни кўзини чирт юмиб, кестиришдан бошқа чораси қолмайди.

Оч қолган болаларининг илтижосига чидолмай, омбордан ғалла ўғирлаган Абдураҳмон эса колхоз раиси ва унинг тарафдорлари томонидан уриб ўлдирилади. “Инсофини ит еганлар. Тўрт болани кўз олдимизда етим қилиш дия!”, деб Эрали тегирмончи чопонининг этагини қоқиб қолаверади. Оддий томошабин бўлиб турган атрофдаги одамларнинг журъатсизлигидан афсусланади. Ҳайф, одамгарчилик, деб ўкинади.

1937-­39 йиллар фожиаси, ноҳақ айбловлар уруш даври одамларининг онгу­шууридан ҳали ўчмаган эди. Шаҳарлик татар вакил, Аҳмад омборчи, Худойберган раис каби раҳбарлар давлат номидан гапириб, “қора халқни” истаганича эзади, ҳузурланади. Қиссанинг ана шу ўринлари ўқувчи қалбини ларзага солиши аниқ. Қўрқув, хиёнат ва шафқатсизлик илдиз отган бир пайтда миллат руҳиятида кечадиган таназзул, хорлик кишини ўйга толдириши турган гап.

Анварнинг опаси ҳадемай тут пишиғи келишини айтиб, уни юпатади. Сўнгра арпа, буғдой пишади. Тоғдан қорлар кетади, дейди. Афсуски, бу сафарги буғдой пишиғига қишлоқ аҳли катта талофат ва йўқотишлар билан чиқади.

Фаровон, тўкин ҳаётнинг қадрига етиш, исрофдан тийилиш, қаноатли, мурувватли бўлиш учун ҳам бундай асарларни тез­тез ўқиб туриш керак. Зеро, адабиёт инсонни фақат эзгуликка етаклайди. Хатолардан хулоса чиқаришга ундайди.

Гулбаҳор ҚУРБОНОВА,

адабиётшунос олима.