Бугун туғилган кун

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Некўз қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетида таҳсил олган.

«Митти юлдуз», «Кўзларим йўлингда», «Онажон», «Руҳим», «Ўзбекистон», «Хотирот», «Юртим шамоли», «Юзма-юз», «Ҳайрат», «Нажот қалъаси», «Йиллар армони», «Ҳаж дафтари», «Муножот», «Сайланма», «Дунё», «Шоир юраги», 4 жилдлик «Танланган асарлар» ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.

«Жаннатга йўл», «Соҳибқирон» достонларини ёзган.

Дантенинг «Илоҳий комедия»сини, А.Некрасов, Л.Украинка, Т. Шевченко, Р.Ҳамзатов, Қ.Қулиев асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифи.

Ўзбек замонавий шеъриятининг "Навоий"си деган таърифга лойиқ кўрилган шоир ижоди нафақат ўзбек, балки қардош халқлар, дунё китобхонлари қалбидан муносиб жой олган.

Абдулла Орипов 2016 йилнинг 5 ноябрь куни вафот этди.

***

Вафо қилурмисан, баҳорим!

 

Руҳимда йўқолди қарорим,

Танимда қолмади мадорим.

Бизларни бир йўқлаб келибсан,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!

 

Ёз ўтди, куз ўтди, қиш ўтди,

Бошлардан синовли иш ўтди.

Юракка изғирин - ниш ўтди,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!

 

Ям-яшил қирларни соғиндим,

Чечакзор ерларни соғиндим,

У инжа сирларни соғиндим,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!

 

Лоланинг лаблари хандадир,

Доғи ҳам тубида - андадир.

Ўхшаши руҳ ила тандадир,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!

 

Интиқмиз дўст билан, ёр билан,

Шеър билан, соз билан - тор билан,

Дийдорлаш бизнингдек хор билан,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!