Бугун туғилган кун
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳамида Каримова 1938 йил 3 февралда Самарқанд шаҳрида туғилган.
1962 йилда Самарқанд давлат университети ўзбек ва тожик филологияси факультетини тугатган ва аспирантурада ўқиган.
«Саодат», «Шарқ юлдузи», «Звезда Востока» журналлари, «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси), «Зарафшон» газеталарида шеърлари чоп этилган.
Ҳамида Каримова таржимонлик билан ҳам жиддий шуғулланади. Ҳасан Элсеварнинг «Виқорли гўзал» пьесасини озарбайжон тилидан ўзбек тилига, Ориф Гулханий ва Олимжон Орифий шеърларини ўзбек ва рус тилларига, Ориф Ҳожининг шеърларини рус тилига, яна қатор рус ижодкорларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Ижодкорнинг «Кўнгил дафтари», «Қўш кокил», «Учқунлар» шеърий тўпламлари нашр этилган.
Қуйида шоиранинг шеърларидан баҳраманд бўласиз.
Кўнгилгинам
Бунча нозик бўлмасанг, эй бебаҳо кўнгилгинам,
Тошбағирлар таърифинда бедаво кўнгилгинам,
Сўзда бўлса зарра оғу санчилар ханжар бўлиб,
Нозикой ҳолингга бунча кўп жафо, кўнгилгинам.
Зиндадил туйғуларингни англамайди ҳамма ҳам,
Кир юраклар билмагай шафқатни, о, кўнгилгинам,
Ғамда сен кетсанг ёниб, парво қилурми ётлар?
Бу ҳаёт пастликларидан қил ҳаво, кўнгилгинам.
Олмагин ўзингга, кулса алвастилар модаси,
Сен баланд тут бошгинанг, шудир раво, кўнгилгинам.
Гул ва хор бирга ўсибдир бу чаманда, ғам ема,
Сен нафосат боғи узра қил наво, кўнгилгинам.
Гарчи кекса бу вужуд, демангиз «кекса матоҳ»,
Бу ҳаёт ишқи азалдан сенга жо, кўнгилгинам.
***
Жондан азиз Ўзбекистоним,
Байроқдоринг бўлолсам эди.
Сен – ҳаётим, шарафим, шоним,
Ғурурдек тик тутолсам эди...
Борми бундан шарафим юмуш?
Жасоратдек дадил ҳилпира.
Бундан фахрлироқ борми иш?
Тонг юраги бўлиб парпира.
Юракларга ўт ёқсанг, алқар,
Элимизда жасуру мардлар,
Ифтихор-ла боқади халқлар,
Бу байроққа юқмасин гардлар.
Тонгги шафақ мисоли ёрқин
Ёш қалбларга индирсин ҳузур.
Сендан ҳар ён таралган ёлқин,
Ўлкам узра таратолсин нур.
Кексайганда...
- Бу дунёда инсон учун не зарур?
- Ором, роҳат, хотиржамлик, фароғат.
Минг шукурки, кўнгил мулки бозормас,
Етказолмас оқилларга жароҳат.
Қариндошдан яхши қўшни минг афзал,
Юз-кўзидан ёғилади малоҳат.
Қўл кўксида, юзи қуёшдай очиқ,
Нур сочади, дил беғубор – аломат.
Баъзи хешу ақраболар – бегона,
Қўни қўнжи тўла бахил, адоват.
Не ҳам дейсиз, улар ўзи билади,
Ўз кунига ўзи бўлсин саломат.
Шуҳратталаб, обрўталаб баъзилар,
Болалагай жуссасида қабоҳат.
Бахтим шуки, манглайим силаб, Аллоҳ,
Умр – нурпош, шудир улуғ саодат.