Замонавий муассасада миллий таълим-тарбия
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд туманидаги Ўзбеккенти маҳалласида хусусий мактаб ва боғча ишга тушди.
Бу таълим тарбия масканларининг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, туман ҳокими Сирожиддин Усмонов, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев сўзга чиқиб, муассасалар фаолиятига муваффақият тилади.
- “Регистон таълим” лойиҳаси, дастлаб 2014 йилда ўқув марказ фаолияти билан бошланган, - дейди мактабнинг ижрочи директори Шоҳруҳ Отақулов. – Бугунги кунда 5 та хусусий мактабимиз бор. 3 таси Тошкентда, бири Фарғонада ва яна бири яқинда Самарқандда иш бошлади. Бу ердаги “Registon lyceum” хусусий мактаби 1100 ўринли бўлса, “Registon bog‘chasi” хусусий мактабгача таълим ташкилоти 300 нафар болани қамраб олади.
Мактабимиз уч бўлимдан иборат, - дейди бошланғич таълим бўлими директори Дилафрўз Тўқсонова. – Бошланғич таълим, умумий ўрта таълим ва юқори 9-, 10- ва 11-синфлар, яъни лицей шаклидаги бўлимлар. Мактабимиз халқаро таълим стандартларига мослаштирилган бўлиб, IT, математика, инглиз, рус ва араб тиллари чуқурлаштириб ўргатилади.
- Мен Қорасув маҳалласида яшайман, - дейди Шуҳрат Бобоёров. – Қизимни “Регистон” хусусий боғчасига бердим. Қизимга биринчи кундан боғча жуда ёқиб қолди. Боғчада болага креатив фикрлаш ўргатилар экан. Боғчадаги замонавий шарт-шароитлар ҳамма ота-оналарга бирдек манзур бўлади, деб ўйлайман.
Муассасада боланинг ўсиши ва ривожида муҳим бўлган ақлий, руҳий, жисмоний жиҳатларни бирдек уйғунликда қамраб оладиган, таълим ва тарбияни занжирли боғлайдиган дастур асосида иш олиб борилади. Бу дастур икки ёшдан 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар учун махсус тузиб чиқилган.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Дилноза АҲМАДОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото+видео).
#Реклама