Самарқандда ўрмончилик соҳасида қандай ишлар қилиняпти?

Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги вилоятдаги энг йирик табиий ресурсларга эга ташкилотлардан бири бўлиб, 10 минг 686,4 гектар ер майдонини эгаллаган. Хўжалик Самарқанд, Паст Дарғом, Жомбой, Тойлоқ, Оқдарё ва Каттақўрғон туманларида жойлашган бўлиб, таркибида 5 та бўлим ва 10 та ўрмон хўжалиги фаолият юритмоқда.
Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги томонидан Тойлоқ туманидаги "Элипок" ўрмон бўлимида ташкил этилган пресс-турда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорлик таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида жамоатчилик ва ОАВ вакилларига батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, ҳозирги пайтда ўрмон билан қопланган умумий ер майдони 11 минг гектар, 166,74 гектар майдонда кўчатхоналар ташкил этилган. 2024 йил учун режалаштирилган 900 гектар ўрмон фонди еридан 993,5 гектар майдон ўзлаштирилган. 2025 йил учун 990 гектар режа белгиланган бўлиб, ҳозирча 271 гектар ер ўзлаштирилган.
Шу билан бирга, ерларни хусусий секторга ижарага бериш жараёнлари ҳам олиб борилмоқда. 2024 йилда 2800 гектар ер майдонини ижарага бериш белгиланган бўлса-да, айни пайтгача 47 гектар ер ижарага берилган. 2025 йил учун ҳам худди шундай миқдорда топшириқ белгиланган, аммо ҳозирча фақат 18,71 гектар ер ижарага берилган. Бу кўрсаткичнинг пастлиги, аввало, ижара жараёнининг E-auksion электрон тизими орқали амалга оширилаётгани билан боғлиқ.
- Ҳозирги кунда хўжаликда 82 нафар мутахассис фаолият юритмоқда, зарур техника ва кўчатлар захираси мавжуд, - дейди Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмонбеги Мансур Ёқубов. - Президентимизнинг 2020 йил 6 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2021–2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалигини ривожлантириш концепцияси доирасида хўжаликда тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Хусусан, фойдаланилмаётган 904,5 гектар ўрмон фонди ерларини самарали фойдаланиш мақсадида ижара асосида 601 нафар камбағал оилага тақдим этиш белгиланган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 139 гектар ер 146 нафар эҳтиёжманд оилага ажратилди. Шунингдек, ўрмон хўжалигида қоғоз ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган Бруссонетия (қоғоз дарахти)ни экиш бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хитойдан олиб келинган 4200 дона кўчат 14 гектар майдонга, жумладан, Иштихон, Каттақўрғон, Оқдарё, Пахтачи ва Паст Дарғомдаги ўрмон хўжаликларига экилган. "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида 21 гектар майдонда 1 миллион 685 минг туп кўчат ва ниҳоллар захираси яратилган. Шунингдек, чиқиндиларни самарали бошқариш мақсадида махсус контейнерлар ўрнатилиб, “Тоза ҳудуд” ДУК билан ҳамкорликда чиқиндиларни олиб чиқиш ташкил этилган.
Тойлоқ туманидаги "Элипок" ўрмон бўлимига аҳоли бандлигини таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ва доривор ўсимликлар етиштириш мақсадида 260 гектар ер майдони ажратилган.
– Хўжалигимизда 20 гектар майдонда кўчатчилик йўлга қўйилган, – дейди хўжалик ўрмончиси Ёдгор Эшонқулов. – Каталпа, қайроғоч, дуб, заранг, сафора, Қрим қарағайи каби манзарали ва ноёб дарахтлар, шунингдек, лаванда, павловния, наъматак каби доривор ўсимликлар етиштириляпти. Келгуси йилдан бошлаб 30 гектар майдонда кўчат етиштириш режалаштирилган.
Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги фақатгина кўкаламзорлаштириш билан чекланиб қолмасдан, балки иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш, экологик хавфсизликни оширишга хизмат қилувчи муҳим вазифаларни ҳам бажармоқда. Ушбу йўналишдаги ислоҳотлар вилоятда яшил маконларни кенгайтириш ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишда муҳим босқич ҳисобланади.
Фазлиддин Рўзибоев.